Қатарда “Қуръон ва инсон билими”мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади
Қатардаги Вақфлар ва Ислом ишлари вазирлиги, Қатар университетининг Шариат ва исломшунослик факультети ҳамда Ибн Халдун ижтимоий – гуманитар фанлар маркази ҳамкорлигида “Қуръон ва инсон билими” халқаро конференциясининг иккинчи анжумани жорий йилнинг 5 – 6 октябрь кунлари ўтказилади.
Тадбирда Қатар ва хориждан олимлар, тадқиқотчилар, мутафаккирлар ва академиклар иштирок этади. Конференциядан Қуръоншунослик ва замонавий гуманитар фанлар ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантириш, бугунги интеллектуал, маданий ва ижтимоий масалаларни илмий тадқиқ этишга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
“У энг тўғри йўлга ҳидоят қилади” шиори остида ўтказиладиган конференция “Оқилона инсон билими сари” мавзусига бағишланган. Унда Қуръони каримнинг инсон билими йўналишларини такомиллаштиришдаги ўрни, ижтимоий – гуманитар фанлардаги назария ва ёндашувларни Қуръоний манбалар асосида қайта кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинади.
Анжуманнинг асосий йўналишлари Қуръон ва фалсафа, Қуръон ва тилшунослик, Қуръон ва ҳуқуқ, Қуръон ва сиёсат” мавзуларидан иборат.
Конференцияга тақдим этиладиган илмий мақолалар асосийлиги, илмий методологияси ва мавзуга мувофиқлиги бўйича сараланади. Асосий иш тили араб тили бўлиб, белгиланган талаблар асосида инглиз тилидаги айрим тадқиқотлар ҳам қабул қилинади.
Конференция доирасида “Уммат китобхонлари форуми” нинг иккинчи анжумани ҳам ўтказилади. Бу йилги форум “Уммат китоби: тамаддуний лойиҳа – беқарор дунёда” мавзусига бағишланиб, замонавий исломий тафаккур, маданий ўзлик, инсон ва жамият ҳаётидаги қонуниятлар ҳамда устуворликларни белгилаш масалаларини муҳокама қилади.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, мазкур конференциянинг 2025 йилдаги биринчи анжумани натижасида илмий тадқиқотлар уч жилддан иборат тақриздан ўтган тўпламда чоп этилган. “Уммат китоби” форуми материаллари эса 212 ва 213-рақамли икки китоб шаклида нашр этилган.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати.