ГЎДАКЛАР ЭҲТИЁТ ҚИЛИНАДИ
Бугун ота-оналар, хусусан, оналар фарзанд тарбиясида, уларни турли ёмонликлардан эҳтиёт қилиш борасида нималарга эътибор беришлари керак? Шу ҳақда маслаҳат бериши учун Шайхонтоҳур туманидаги “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Айюбхон қори СЎПИЕВга мурожаат қилдик.
– Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан сўраласиз” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Шундай экан, ҳар бир ота-она ўз фарзанди тарбиясига жуда қаттиқ эътибор бериши лозим. Ҳозир ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Катталарни ҳам, кичикларни ҳам ўзига маҳлиё қилган телефон, телевизор, ижтимоий тармоқлар, турли электрон ўйинлар чиқди. Булар сабаб бугун яқинларимизга кам эътибор бермоқдамиз. Меҳр-оқибат камайиб кетяпти. Мана, ҳозир юра олмай қолаётган, тили кеч чиқаётган, нутқида муаммоси бор болалар кўплаб учраяпти. Ўзимизда ва чет элларда даволатиб, оёққа турғазишмоқда. Бизнинг даврларда бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кам учраган.
Нега? У пайтларда бобо-момолар, ота-оналар фарзанд тарбиясига жуда эътиборли бўлишган. Хайрли нияту дуолар қилишган. Ҳозир ундайлар камайиб кетди. Шу қадриятни қайтариш керак. Фарзанд тарбиясида отаоналар, айниқса, оналар буни яхши билишлари лозим.
Улуғларимиз айтишадики, бола 4 ёшу 4 ойлик бўлгунича унга жуда катта эътибор бериш керак экан. Ота-она боласи шу ёшга киргунича ўзини турли ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақлаши даркор. У истеъмолда, кийинишда, сўзлашда бўлсин, турли нохуш ишларга ружу қўйишдан ўзларини асрашлари шарт. Чунки шу вақтда кўп хислатлар ота-онадан болага ўтади. Бизнинг ота-онамиз 4 ёшга киргунимизча жуда қаттиқ тақво қилишган, нафсларига қарши туришган. Аллоҳ рози бўлсин улардан!
Назар деган нарса бор. Назар нима? Гўдакни бу ёшда ёмон одамларнинг назаридан сақлаш керак. Агар бир ёмон инсон фарзандингизни кўриб ёмон назар, ёмон ният қилса, бу ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.
Бугун фарзандининг сурат ва видеоларини ижтимоий тармоқларга жойлаётган кўплаб отаоналарни кўрамиз. Суратга бир бадназар одамнинг кўзи тушиши мумкин. Мен сурат деб айтяпман, баъзи ота-оналар билиб-билмай туриб, ўзлари ёмон ниятли одамларга фарзандини олиб боришади ҳам ва бундай одамларнинг қилган ёмон назари келажакда болага ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Бир улуғ инсонга фарзандимга бир яхши назар қилиб қўйинг, дейишимиз кимларгадир ҳақир туюлар балки. Аслида фарзанд ҳаётида асқатадиган катта нарса мана шу дуо бўлади. Улуғларимиз бу ёшдан (яъни 4 ёшдан) кейин фарзандларини олимлар ҳузурига олиб бориш ва улардан дуо олишни тавсия қилишган. Нафақат ота-оналар, балки бобо ва момолар ҳам фарзанди ё набирасининг келажакда комил инсон бўлишини исташса, чин ихлос билан тақво қилиб, ўрнак бўлишлари лозим.
(Давоми бор.)
Салим ЎНҒАРОВ ёзиб олди.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан