Россиядаги қадимий ёғоч масжид қайта тикланмоқда
Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Кукмара туманидаги Асан – Илга қишлоғида 1742 йилда қурилган тарихий ёғочдан қурилган масжидни қайта таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни масжидда таъмирлаш жараёни билан танишиш мақсадида матбуот сафари ташкил этилди. Унда Татаристон муфтийси шайх Камол Самигуллин ва маданий меросни муҳофаза қилиш соҳаси вакиллари иштирок этди.
Умумий майдони 130,7 квадрат метр бўлган масжид катта ва кичик намозхона ҳамда даҳлиздан иборат. Бино томининг марказида саккиз қиррали, уч қаватли ёғоч минора жойлашган.
Қайта таъмирлаш ишлари 2026 йил май ойида бошланган. Масжиднинг ёғоч каркаси қисмларга ажратилиб, шикастланган жойларини таъмирлаш ва алмаштириш учун устахонага олиб борилган. Кейинчалик конструкция дастлабки жойида қайта йиғила бошланган. Навбатдаги босқичларда ички безак ишлари, жиҳозларни ўрнатиш ва атрофни ободонлаштириш кўзда тутилган.
Тадбир иштирокчилари маҳаллий аҳолининг тарихий обидани сақлаб қолишдаги ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Татаристоннинг исломий мероси Волга Булғорияси тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Булғорлар 922 йилда Исломни расман қабул қилган. 2022 йилда ушбу тарихий воқеанинг 1100 йиллиги нишонланган эди.
2026 йилда Қозон Ислом дунёсининг маданий пойтахти мақомини олиши муносабати билан минтақадаги тарихий масжидлар ва меъморий ёдгорликларни асраб – авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъмирлаш ишлари якунлангач, Асан – Илга масжиди нафақат ибодат маскани, балки Татарстаннинг бой исломий тарихи ва маданий меросини намоён этувчи сайёҳлик объектига ҳам айланиши кутилмоқда.
И.Аҳмедов таржимаси.