Қозоғистонда интернет орқали исломий насия савдоси йўлга қўйилади
Қозоғистонда интернет – дўконлардан товарларни исломий молиялаштириш асосида, яъни муробаҳа усулида насияга сотиб олиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.
Евроосиё тараққиёт банки Қозоғистон почта операторига Техник кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратади.
Ушбу маблағ эвазига синов тариқасида ишлайдиган электрон платформа ва зарур услубий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳа доирасида:
- Мижозлар интернет орқали товарларни муробаҳа асосида харид қилишлари мумкин бўлади.
- Товарларни етказиб бериш “Қазпочта” нинг халқаро “Keruen” хизмати орқали амалга оширилади.
- Платформа дастлаб синов тариқасида ишга туширилади.
Келишув 2026 йилда Остона шаҳрида бўлиб ўтган “AI & Digital Bridge” форумида имзоланган.
Муробаҳа нима?
Муробаҳа — ислом молиясида товарни харид қилиб, унинг таннархи ва келишилган фойда миқдорини мижозга очиқ айтиш орқали сотиш усулидир.
Масалан, молиялаштирувчи ташкилот 100 000 тенгега товар сотиб олади ва уни мижозга 120 000 тенгега, 12 ой давомида тўлаш шарти билан сотади. Агар шартнома тўғри тузилган бўлса, бу оддий фоизли қарз эмас, балки товар савдоси ҳисобланади. Бироқ бундай савдонинг шариатга мувофиқ бўлиши учун товарга эгалик қилиш, унинг таваккалчилиги ва шартноманинг бошқа талабларига риоя қилиниши керак.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати.