Либос неъмати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда.)
“Фақат Мен кийинтирганларгина бундан мустасно”. Ҳадиснинг маъноси ҳақида теран мулоҳаза қилиб кўрган инсон қалбидан ужб ва кибр кетади. Агар инсон таом ва либос каби ҳаётий эҳтиёжларини Аллоҳ таолонинг ёрдамисиз ўзи ҳосил қилишдан ожиз бўлса, нима учун ўзидан ажабланиши ва кибрга берилиши керак?
Ислом фитрат динидир. У инсон фитратига мос, дунё ва охират саодатига элтувчи ҳукмлар билан келган. Динимизда либоснинг баъзи шаръий талаблари баён қилинсада, унинг қай шаклда бўлишини ҳар бир халқнинг ўз урфларига ҳавола қилинган. Хусусан, байрамлар ҳамда жума куни гўзал ва покиза либосларни кийиш мустаҳаб. Шунингдек, кийинишда “басмала”ни айтиш, ўнг томондан кийиб, чап томондан ечиш, оқ рангли либос кийиш, янги либос кийганда дуо қилиш каби амаллар ҳам мустаҳаб. Кийим билан кибрланиш, фахрланиш, ғурурга кетиш, эркак либосини аёллар, аёллар либосини эркаклар кийиши лозим эмас. Кир ва ифлос кийимда намоз ўқиш макруҳ, нажосат теккан кийимда жоиз эмас. Йиртиқ-ямоқ ва жулдур кийимларни кийиш тақводорлик белгиси ҳисобланмайди.
Либос борасида урф ва кийиниш маданиятига зид ишни қилишни уламолар ғулувга кетиш деб баҳолайди. Бугунги кунда баъзи ёшлар оломонча маданиятга тақлид қилиб, билган-билмаган ҳолда турли-туман бузуқ маъноларни ифода этувчи ёзувлар ва расмлар туширилган либосларни кийишмоқда. Бу “маданият” ниқоби остида ёшлар тарбиясини бузиш деганидир. Ёки бўлмаса, дин фақат ташқи кўринишда холос дейдиган, суратига эътибор бериб, сийратини эсдан чиқариб қўяётганлар ҳам оз бўлса-да, топилади.
Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда яратди. Мавжудотлар ичида энг чиройли ва энг гўзали инсондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Инсон гўзаллиги аввало унинг ташқи кўриниши, хусусан, кийиб олган либосларида намоён бўлади. Шунинг учун динимиз либосларни покиза ва гўзал тутишга чақиради. “Ва кийимингни покла!” (Муддассир сураси, 4-оят).
Уламолар Қуръони каримдаги мавзуларни уч қисмга ажратганлар:
1. Эътиқод масалалари.
2. Ҳукмлар (ҳалол-ҳаром).
3. Одоб-ахлоқ.
Кийимларни поклашга бўлган чақириқ биринчи нозил бўлган ҳукм оятидир.
Либосни пок тутиш ибодат ва дуоларнинг қабул бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар! Албатта, Аллоҳ покдир, фақат покни қабул қилади. Албатта, Аллоҳ мўминларни пайғамбарларни буюрган нарсага буюрди”, дедилар ва: “Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар” ва “Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар” (ояти)ни ўқидилар. Сўнгра бир кишини зикр қилдилар: у узоқ сафар қилган, соч-соқоли тўзиган, уст-боши чангга беланган, қўлини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, деб дуо қилади, ҳолбуки, емоғи – ҳаром, ичмоғи – ҳаром, кийим-боши – ҳаром, ҳаром билан озиқланган, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, инсоннинг ташқи кўриниши гўзал бўлгани каби унинг ички дунёси, қалби ҳам гўзал бўлиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки қалбларингиз ва амалларингизга боқади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
“Қалбларингиз ва амалларингизга боқади” ибораси – “қалбларингиз ва амалларингиз га қараб сизларни ҳисоб-китоб қилади” деган маънодадир. Уламолар гўзаллик икки хил бўлади: зоҳирий ва ботиний. Агар инсоннинг ботини гўзал бўлса, унинг ташқи гўзаллиги, истараси, ҳайбати ва виқори зиёда бўлади. Бунинг акси бўлса, зоҳирий чиройдан не маъно? Бу тажрибадан ўтган ҳолатдир, дейдилар.
Либос Аллоҳ таоло берган неъматдир. Бу ҳақда Қуръони карим оятларида бундай дейилади: “Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар” (Аъроф сураси, 26-оят).
Мазкур ояти каримада араб тилининг бир қанча балоғат қоидалари борлигини кўриш мумкин. Осмондан либосни нозил қилдик, деганда кийимнинг тикилган тайёр ҳолати эмас, балки унга сабаб бўладиган омиллар тушунилади. Аллоҳ таоло осмондан қор ва ёмғирни туширади ва улар туфайли ўлик ерни тирилтиради. Ердан пахта ва турли ўт-ўланларни ундириб чиқаради. Бу ўт-ўланлар чорва ҳайвонлари ва ипак қуртига озуқа бўлади. Пахта ва ипак толасидан ҳамда чорва молларининг жун ва териларидан турли кийимлар тайёрланади.
Қуръони карим оятларида “нозил бўлиш” сўзи фақат шарафли ва улуғ ишларга нисбат берилади. Ушбу “нозил бўлиш” сўзи либосга нисбатан ҳам қўлланган. Бундан либоснинг шарафли неъмат эканини билиб олса бўлади.
Муфассирлар ушбу ояти карима ҳақида: “Аллоҳ таоло одам болаларини шарафлантириш учун ўзларигагина хос бўлган либос неъматини ато қилди. Либос бу қадим тарихга эга бўлиб, башарият тамаддунининг биринчи тамал тоши ҳисобланади”, дейдилар. Ояти каримада либоснинг уч даражаси зикр қилинмоқда. Кифоя либоси, зийнат либоси ва тақво либоси. Кифоя (зарурат) либоси инсонни уятли жойларини тўсиб, намозни дуруст қиладиган даражада бўлади. Зийнат либоси эса кифоя либосидан зиёд инсонга кўрк ва зийнат бағишлайди. Бу икки либоснинг ҳукмлари фиқҳ китобларимизда кенг баён қилинган. Шунингдек, либосга доир жуда кўп одоблар махсус китобларда батафсил ёритилган.
Либослар ичида энг асосийси тақво либосидир. Зоҳирий либос инсонга зийнат бағишлаб, нуқсон ва камчиликларини ёпгани каби тақво либоси инсон ички оламига гўзаллик бахш этиб, унинг қусурларини тўсади. Зоҳирий либос билан тақво либоси ўртасида боғлиқлик бўлса-да, инсон эгнидаги либоси вақт ўтиши билан эскириб тўзийди. Тақво либоси эса бундай бўлмайди. У ҳеч қачон эскириб-тўзмайди. Кимнинг ташқи либоси ҳам, тақво либоси ҳам гўзал бўлса, шунда у энг чиройли инсонга айланади.
Либос Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган фазлу марҳаматига далолат қилувчи белгидир. Бундан ҳар бир инсон ўзига керакли хулоса ва эслатмалар олиши керак. Инсоннинг ташқи кўриниши ва либослари доимо пок ва гўзал ҳолатда бўлиши керак. Айниқса, ибодат вақтида унга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб–ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Либос инсонга берилган улуғ неъматлардан бўлиб, банда ҳар доим унинг шук рини адо этиши лозим. “Сизлар учун иссиқдан сақлайдиган кийимлар ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб берди. Шундай қилиб, У сизларга Ўз неъматини тўлиқ қилиб берди. Шоядки, мусулмон бўлсангиз” (Наҳл сураси, 81-оят).
Аллоҳ таоло инсонларга иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилувчи турли кийимларни неъмат қилиб берди. Агар У Зот бу неъматни бермаганида ёзнинг жазирама иссиғида куйиб, қишнинг қаҳратон совуғида музлаб қолган бўлишарди. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга жанг чоғи турли қуроллардан сақлайдиган зирҳли кийимларни ҳам неъмат қилиб берди.
Шундай экан, ҳар бир инсон ушбу неъматга шукрона келтириши лозим. “Неъматлар сураси” дея ном олган Наҳл сурасида Аллоҳ таоло либосни улуғ неъматлар қаторида санаган. Либос эркак ва аёлнинг зарурий эҳтиёжи бўлиб, авратни беркитиш, зийнатланиш, шайтон фитнаси, чангу ғубор, иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилиш ҳамда танадаги нуқсонларни беркитиш каби вазифалари бор.
(Давоми бор)
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws