Ўта саховатли Зот
Ал-Жавод – «жода – яжуду» (саховат қилди) феълидан олинган бўлиб, сўралмасдан олдин кўп ато этувчи, ўта саховатли Зот демакдир. «Сенга мол билан жуд (саховат) қилди» дегани эса «икром кўрсатди» деганидир.
Бу улуғ исм Қуръони каримда лафзан келмаган, аммо суннатда собит бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло Жавод (ўта саховатли) Зотдир, саховатни севади. Олийжаноб хулқларни яхши кўради ва пасткаш хулқларни ёмон кўради”» (Имом Байҳақий ривояти).
Ал-Жавод – Ўз саховати билан барча мавжудотларни қамраб олган, коинотни Ўз фазли, карами ва турфа неъматлари билан тўлдирган Зотдир. Аллоҳ таоло эҳсон, саховат, ато ва яхшиликни севувчи Зотдир. Бутун фазлу марҳамат Унинг қўлида, барча яхшилик Ундандир. У бандаларига кенгчилик беради, уларни инъомларига кўмиб ташлайди ва Ўз исм-сифатлари орқали уларга Ўзини танитади.
У Зот Ўз зоти билан Жаводдир ва ҳар бир саховатли кишининг саховати Унинг жуд-саховатидан бир томчидир. Унинг саховатга бўлган муҳаббати бандаларнинг хаёлига келганидан ҳам юксакроқдир:
– Унинг наздида афв этиш ўч олишдан кўра суюклироқ;
– раҳм қилиш жазолашдан кўра суюклироқ;
– бериш маҳрум қилишдан кўра суюклироқдир.
Агар ер ва осмон аҳли, аввалу охир барча инсон ва жинлар бир жойга тўпланиб, Аллоҳдан сўрасалар ва У Зот ҳар бирига сўраганини берса ҳам, бу Унинг ҳузуридаги хазиналардан бир зарра миқдорича ҳам камайтирмайди.
Худди Имом Муслим ривоят қилган қудсий ҳадисда келганидек: «…Эй бандаларим, сизларнинг аввалгию охиргиларингиз, инс ва жинларингиз бир сайҳонликда туриб, Мендан сўрашса-ю, Мен ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берсам ҳам, бу нарса Менинг ҳузуримдаги нарсани денгизга ботириб олинган игна (денгиздаги сувни) камайтирганчалик ҳам камайтирмайди».
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳнинг Жавод исмини англаш бандани У Зотнинг кенг фазлига суянишга ва бошқаларга яхшилик қилишга ундайди.
Жамшид ШОДИЕВ
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан