Тавҳидни тақсимлаш – бидъат
“Илоҳингиз ягона илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Меҳрибон ва Раҳмлидир”(Бақара сураси 163-оят).
Салафийликни даъво қилувчи баъзи тоифалар тавҳид уч қисмга:
“Тавҳидур рубубийя”,“Тавҳидул улуҳийя”,“Тавҳидул асмо вас сифот”га бўлинади, деб даво қилишади.
Тавҳидни уч қисмга бўлиниши на Қуръони каримда, на суннати набавияда зикр қилинмаган. Уни саҳобалар, тобеинлар ва табаа тобеинлар айтишмаган. Еттинчи асрда туғилган Аҳмад ибн Таймия биринчи бор тавҳидни уч қисмга ажратган.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир киши Ислом динини қабул қилиш учун ҳузурларига келганида “Сен рубубият тавҳидига эътиқод қиласан, энди мусулмон бўлишинг учун улуҳият ва исм-сифатлардаги тавҳидни қабул қилишинг керак”, демаганлар. Балки “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб калима келтиришни талаб қилганлар. Мана шу шаҳодат калимаси билан кишининг мусулмон бўлиши ва Қиёматда жаннатга киришини таъкидлаганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «Хурсанд бўлинглар ва ўзларингиздан кейингиларга башорат беринглар: Кимки “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деб чин дилдан гувоҳлик берса, жаннатга киради» (Имом Аҳмад ривояти).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илааҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яна бир ҳадисда: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Тавҳидни учга бўлиш билан сохта салафийлар мушрикларни тавҳид аҳли ҳисоблашади.
Уларнинг эътиборида мусулмонлар рубубиятда муваҳҳид, улу- ҳиятда мушрикдир. Хулоса қилиб айтсак, тавҳидни уч қисмга тақсимлаш – бидъатдир. Бу на Қуръони карим ва на саҳиҳ суннатга ва на салафи солиҳларнинг сўзларига мувофиқ келади. Аксинча, Қуръон ва суннатда “рубубият” ва “улуҳият” тушунчалари ўзаро бир-бирини тўлдириб келган.
Абдулатиф ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази бош мутахассиси
http://hidoyatuz.taplink.ws