Неъматни асраш иймондан
Аллоҳ таолонинг инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан бири — сув. Усиз ҳаёт йўқ. Яратган Зот Қуръони каримда ушбу ҳақиқатни очиқ-ойдин баён қилган: «… барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!» (Анбиё сураси, 30-оят).
Инсонлар сувнинг тириклик манбаи эканини фаҳмлагани билан уни қадрлаб, асраб-авайлашда бефарқ.
«Домла, ҳовлида яшайдиганлар ичимлик суви билан машина ювиши, сувни оқизиб қўйиши тўғрими, бундай ҳаракатлар исроф эмасми? Бир қўшним кўп исроф қилади. Унга сувни тежаш зарурлигини тушунтирсам, “Пулини тўласам, истаганимча ишлатаман”, дейди. Уни қандай инсофга чақирсам бўлади?» дея сўради бир киши.
Афсуски, иқлим ўзгаришлари, ичимлик сувининг камайиб бораётгани инсониятни ташвишга солаётган бир пайтда баъзи юртдошларимизнинг азиз неъматга бўлаётган бундай муносабати ташвишли ҳол.
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: «Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?» дедилар. «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди у. «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма», дедилар у зот алайҳиссалом.
Шундай давлатлар борки, у ерда ичимлик суви дуру гавҳар, олтинлардан-да қиммат ҳисобланади. Сув танқис ўлкалардан бирида ишлаётган шифокор ҳикоя қилади:
«Жазирама кунлар эди. Шифохонага оғир аҳволдаги бир болани олиб келишди. У чанқоқликдан ҳолсизланган, лаблари қуриб, ҳушидан кетаёзганди. Онаси кўзда ёш билан деди:
– Доктор, икки кундан бери тоза ичимлик суви қидириб тополмадик. Болам сувсизликдан ҳолдан тойди. Ёрдам беринг!
Мен зудлик билан болага сув бердим. Болажон титраб-титраб, бир неча қултум сув ичди, унга озгина жон кирди. Бу ҳолатдан ўзимни тутолмай йиғладим.
Кейин она:
– Биз ичимлик сувини топиш учун километрлаб юрамиз. Баъзан умуман сув топа олмай, бир томчи сувга зор бўламиз, – дея қўлимдаги сув идишига термулди.
Бу ҳолат менга бир умрлик сабоқ бўлди. Сувни тежайман. Бошқаларга ҳам буни уқтираман».
Бугун нафақат дунёнинг бир чеккасида, балки юртимизда ҳам тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекаётган инсонлар кўп. Шундай экан, сув масаласи йил сайин оғирлашиб бораётган бир пайтда уни исроф қилишимиз катта жиноят эмасми?!
Сув билан боғлиқ яна бир масала — оқова сувларга ахлат ташлашдир. Чунки кейинги пайтда баъзилар уйидаги ахлатларни сувга улоқтиради ёки ҳаммом оқова сувларини анҳорларга оқизиб қўяди. Айрим ишлаб чиқариш корхоналари эса турли аралашмаларини анҳорларга ташлашмоқда. Зеро, бир пайтлар ота-боболаримиз ана шу сувлардан ичишган. Бугун эса бу сувларни ичиш тугул, суғориш учун фойдаланиш ҳам ўйлаб кўрарли масалага айланмоқда.
Динимизда поклик ниҳоятда муҳим. Шу жиҳатдан сувни ифлос қилиш, жумладан, унга ахлат ташлаш қаттиқ қораланади. Қуръони каримда: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!» (Аъроф сураси, 56-оят), дея огоҳлантиради.
Сувни ифлос қилиш ҳам шу бузғунчиликка киради. Чунки бу ишда инсонларга, жониворларга ва табиатга зарар етказиш бор.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Сувни ифлослантирган кимса — инсон ва ҳайвонларга, табиатга зарар етказган гуноҳкор бўлиб, у жамият ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Ёсинбек ПАТТАЖОНОВ,
Андижон шаҳри «Ҳазрати Билол» жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws