Китобхон она жамиятни тарбиялайди
Хайрабодлик Шарофат опа фарзандлари билан ҳар куни ярим соат китоб ўқишни одат қилган. Аввалига болалари китобга унчалик қизиқмас, тез зерикар эди. Аммо она меҳри ва сабри билан бу одат аста-секин оила муҳитига айланди. Бугун эса унинг ўғил-қизлари икки-учта хорижий тилни мукаммал эгаллаб, олий ўқув юртлари талабалари бўлишди.
Китобхон оилада ўсган боланинг дунёқараши кенг, фикри теран бўлади. Бола энг аввало онага эргашади. Агар она китоб ўқиса, фарзанд ҳам китобга қизиқади. Илм ва маърифат бор хонадонда эса меҳр, ҳурмат ва барака бўлади.
Бугун юртимиз ёшлари халқаро олимпиадаларда, турли фанлар бўйича танловларда юқори ўринларни эгалламоқда. Бу ютуқлар ортида, аввало, фарзандини илмга ошно қилган оналарнинг меҳнати бор.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар» (Имом Ибн Можа, Имом Табароний ривояти).
Демак, аёл киши ҳам динини, фарзанд тарбиясини, ҳалол-ҳаромни, яхши муомалани билиши учун илм олиши керак. Маърифатли она фарзандига нафақат илм, балки яхши тарбия ҳам беради.
Ҳозирги кунда айрим оналар фарзандлари билан бирга китоб ўқишни одат қилмоқда. Маҳаллаларда “Оилавий мутолаа”, “Энг китобхон оила” каби танловлар ўтказилаётгани ҳам қувонарли ҳол. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси, 9-оят). Илм инсонни яхши ахлоққа етаклайди. Аммо бугун ҳар қандай китоб ҳам фойдали эмас. Интернетда енгил-елпи, инсонни ҳавойи орзуларга боғлаб қўядиган китоблар ҳам кўпайган. Шунинг учун аёл-қизлар қандай асар ўқиётганига эътиборли бўлишлари керак.
Айниқса, диний-маърифий, тарбиявий ва ахлоқий китоблар инсон қалбини поклайди, уни яхшиликка чорлайди. Бугун электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн кутубхоналар илм олишни янада осонлаштирмоқда. Айрим оналар уй ишларини қилиб юриб ҳам аудиокитоб ёки Қуръон тиловатини тинглашни одат қилган.
Жадид боболаримиз ҳам аёллар маърифатига катта аҳамият берганлар. Шунинг учун қизлар мактаблари очганлар, аёлларнинг саводли бўлишлари учун ҳаракат қилганлар.
Ҳақиқий илм ва маърифат инсоннинг ахлоқи ва бошқалар билан муомаласида кўринади. Китоб ўқиган аёл оиласига меҳрибон, фарзандларига эътиборли, эрига ҳурматли, итоатли бўлади. Китоб кўнгилга нур бағишлайди. Она қўлидаги китоб оила ва фарзандлар келажагини ўзгартириши мумкин. Чунки яхши китоб мутолааси туфайли фарзандлар қалбига илм, одоб ва меҳр уруғлари қадалади.
Шаҳнозахон СОДИҚОВА,
Денов тумани
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 6-сонидан