“УЙИ ИЧИДА ҲАМ ШАРМАНДА ҚИЛАДИ…”
Мусулмон киши бошқаларнинг хатоларини излаши эмас, балки уларни тузатишга кўмаклашиши лозим. Ана шунда у биродарининг иззатини сақлаган бўлади. Зеро, инсонни ҳурмат қилиш ва унинг шаънини асраш юксак ахлоқдан далолат беради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис мўминни доимо эҳтиёткорликка, бировнинг камчилигини ошкор қилишдан тийилишга ундайди.
Афсус, айрим аёлларда ғийбатга ўчлик, бошқаларнинг хатосини муҳокама қилишга мойиллик кучли. Инсон хато ва камчиликлардан холи эмас. Ҳар бир киши адашиши, нотўғри қарор қабул қилиши мумкин. Шу боис кимнингдир айбини кўрганда уни элга ёйиш эмас, ўзига айтиб, тузатишга ёрдам бериш мақсадга мувофиқ.
Бир аёл қўшни келиннинг тетапоя бўлаётган боласи кўчада қаровсиз юрганига гувоҳ бўлди. У боланинг қўлидан етаклаб, уйигача олиб келди ва эшигидан киритиб юборди. Биладики, бу гап жаҳлдор қайнонасининг қулоғига етса, жанжал кўтариб, ҳамманинг дилини хира қилиши мумкин. Шунинг учун аёл келинни холи топиб, юз берган ҳолатни, фарзандига эътиборли бўлиши лозимлигини тушунтирди. Келин раҳмат айтиб, бу хатони такрорламасликка сўз берди.
Демак, мўмин киши ойна кабидир. У камчиликни кўрсатади, аммо уни жар солиб ҳаммага тарқатмайди. Бу, айниқса, бугунги ижтимоий тармоқлар даврида жуда муҳим. Чунки кимдир хатога йўл қўйса, уни видео ёки суратга олиб тарқатиш оддий ҳолга айланиб бормоқда. Аслида бу каби ишлар динимиз руҳига мутлақо зид!
Буни яна бир оддий ҳолат орқали ҳам кўриш мумкин. Бир қиз дугонасига сирини айтди. Дугонаси эса бошқа қизга бу гапларни етказди. Яхшиям у оқила қиз экан. Дугонасига бировнинг сири омонатлиги, уни очиш хатолигини тушунтирди. Шу орқали у бир инсоннинг иззатини сақлаб қолди, эҳтимол, уни шармандаликдан асради.
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида (ҳам) шарманда қилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадис инсонни доимо ҳушёрликка чорлайди. Чунки бировнинг айбини қидириш охир-оқибат ўз айбларимизнинг фош бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, агар жамиятда одамлар бир-бирларининг айбларини ошкор қилаверсалар, гуноҳларга нисбатан бефарқлик пайдо бўлади. Бу эса жамиятни маънавий таназзулга туширади.
Аксинча, айбни яшириш инсонга ўзини ислоҳ қилиш имконини беради. Чунки айби фош бўлмаган киши чин тавба қилса, виждони билан юзма-юз қолиб, ўзини тузатишга ҳаракат қилади. Демак, киши ўзганинг айбини кўрганда тилини тийиши, уни яшириши ва мулойимлик билан тушунтириши керак. Шу орқали у нафақат биродарининг иззатини сақлайди, балки ўзининг ҳам қиёмат кунидаги ҳолатини яхшилайди.
Обиджон ИСМОИЛОВ,
Сариосиё туманидаги “Мулло Абдукарим Охунд” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws