Динимиз илм билан англанади
Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг шаклланиши ва ривожланишида Мунавварқори Абдурашидхоновнинг ўрни беқиёс. У маърифатпарвар, зиёли, журналист, жамоат арбоби, янги усул мактабларининг ташкилотчиси ҳамда миллий таълим тизимининг ислоҳотчиси эди.
Мунавварқори 1878 йили Тошкентда мударрис оиласида дунёга келган. У ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан қироат илми ва тажвидни ўрганиб, Қуръон ҳофизи бўлган.
Унинг «Адиби аввал», «Адиби соний», «Ҳавойижи диния», «Ёр юзи», «Тажвид», «Ўзбекча тил сабоқлари» каби асарлари янги усул мактабларида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган.
Мунавварқори мактабни фақат савод чиқарадиган жой деб эмас, балки миллатнинг фикрий уйғониши, ижтимоий фаоллиги ва маънавий камолоти учун хизмат қиладиган муқаддас даргоҳ сифатида баҳолаган.
У «Адиби аввал» асарида бундай ёзади:
«Бола аввало ўз она тилида равон ўқиш ва ёзишни ўрганиши, кейин бошқа илмларни эгаллаши лозим».
«Адиби соний» асарида қуйидаги фикрларни келтиради:
«Илм инсонни ҳурматли қиладур, жаҳолат эса хорликка етаклайдур. Киши илм билан ўзига, оиласига ва миллатига фойда етказур. Илмсиз киши йўлсиз қолган мусофир кабидур. Шунинг учун болаларни ёшликдан илмли ва одобли қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-она ва муаллимнинг бурчидур».
«Ҳавойижи диния» асарида у дин ҳақида шундай таъкидлаган:
«Дин инсонни яхши хулққа, покликка, рост сўзлаш ва бировга зулм қилмасликка ўргатур. Илмсиз динни тўғри англаши мушкулдир. Шунинг учун мусулмон фарзанди дин илми ҳамда дунёвий илм ва ҳунардан баҳраманд бўлмоғи керак».
Ўқитувчилар ҳақида эса бундай дейди:
«Муаллим боланинг кўнглига илм уруғини экувчи кишидир. Агар бу уруғ яхши экилса, ундан миллатга фойдали инсон етишур. Агар муаллим бепарво ва илмсиз бўлса, боланинг зеҳни очилмай қолур, миллатнинг келажаги ҳам заифлашиб боратур».
Хатирчи тумани «Чангир» масжиди имом-хатиби Наврўз МУРТАЗОЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws