“АМИРМИСАН Ё ЭЛЧИ?..”
Бомдод намозига саф тортилди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамларга имом бўлиб такбир айтиш арафасида эди. Шунда туя овози эшитилди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур туяси Жадъанинг овози эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келяптилар, деган ўй билан намозни бошламай турди. Туядаги киши Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эди.
“Амирмисан ё элчи?” (Яъни, бу ерга бирор бўйруқ бергани келдингми ёки Расулуллоҳ номларидан хабар олиб келдингми?) деб сўради Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу. Али розияллоҳу анҳудан: “Элчи бўлиб келдим”, деган жавобни олгач, намозга киришди.
Бу воқеа ҳижратнинг тўққизинчи йили Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг топшириқлари билан одамларга амир бўлиб ҳажга кетаётган пайтда содир бўлди. Улар ўшанда Мадинадан тахминан эллик тўрт километр узоқликдаги Зожнан деган жойга етиб келишганди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳажга амир қилиб юборилганида одамларга Тавба сурасининг бошидаги оятларни ўқиб эшиттириш зарурати туғилди. Бу оятларда мушриклар билан тузилган аҳдлар бекор қилингани баён этилган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинадан йўлга чиққанининг иккинчи куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни юбордилар. Унга шу оятларни ҳаж мавсумида одамларга ўқиб бериш вазифаси юклатилди. Бу қарор араблардаги қадимий одатга асосланганди. Яъни, бирор аҳдни тузган кишининг ўзи ёки унинг оиласидагилардан бўлган шахсгина уни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўларди. Али розияллоҳу анҳунинг юборилиши шундан эди.
Қиссадаги эътиборли жиҳат – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Али розияллоҳу анҳуга айтган: “Амирмисан ёки элчи?” деган саволидир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу саволни намоздан кейин сўраса ҳам бўларди-ку? Нега бу қадар шошилди? Бу иши бошлиқлик ундан олиб қўйилишидан қўрқишмиди?
Бу каби саволлар инсоннинг хаёлидан ўтиши мумкин-да. Воқеага яхшилаб назар солсак, кўрамизки, бу саволларнинг ҳеч бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мақсадига мос келмайди. Бу ердаги асосий масала – амир (яъни раҳбар)нинг вазифаларига одамларга имом бўлиб намоз ўқиш ҳам киришида эди. Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу саволни намоздан олдин берди. Ҳолбуки, намозга саф бўлинган, ният ила такбирга киришиш қолганди. Шу вазиятда ҳам, агар ҳазрати Али амир бўлиб келган бўлса, намозга имомлик қилиши керак эди.
Бу диндаги фиқҳ (чуқур тушуниш) ва Аллоҳга итоатдаги интизомдир. Шу билан бирга, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саволи биз учун ҳали ҳам эътиборли. У соддалиги ва самимияти билан эътиборни тортади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин йўлдоши, исломни биринчи қабул қилган зотлардан. Унинг исломдаги ўрни шунчаликки, алоҳида таништиришга ҳожат ҳам йўқ. Бу воқеа содир бўлган вақтда у тахминан олтмиш ёшларда эди. Али розияллоҳу анҳу эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фарзандлари тенги бўлган.
Агар ўша пайтда Али розияллоҳу анҳу: “Ҳа, мен амирман”, деганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч иккиланишсиз орқага чекинарди ва одамларга Али розияллоҳу анҳу имомлик қилган бўларди. Бу – интизом ва итоатнинг гўзал намунаси эди. Масала ёшда ҳам эмас, ким аввал Исломни қабул қилганида ҳам эмас. Асосийси нарса – Аллоҳга, Унинг Расулига ва масъул раҳбарларга итоат қилишда. Бундай ҳолда инсоннинг ақлини банд қилувчи фикрлар, шахсий ҳис-туйғулар ва нафс истаклари четга сурилади. Эътиқод ва иймон мутлақ устунлик қилади.
Агар ишлар фақат Аллоҳ розилиги учун қилинса, у пайтда раҳбар бўлиш билан оддий бир киши бўлиш орасида ҳеч қандай фарқ қолмайди. Ҳар ким Аллоҳ ундан талаб қилган жойда ўз вазифасини сидқидилдан бажаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Бахтлидир у бандаки, отининг узангисини ушлаб туради. Агар уни қўриқчи қилиб қўйишса, қўриқчи бўлади. Агар уни сафарда орқада юрувчилар қаторига қўйишса, ўша жойда хизмат қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун ҳам ёндашув айнан шундай эди. Агар амир бўлса, зиммасига юкланган вазифани бажаради. Агар буйруқ олган киши келса, унга бўйсунади. Икки ҳолатда ҳам у Аллоҳга итоат қилган бўлади. Бугунги кунда ҳам агар ишлар шундай ўлчов билан баҳоланса, бошқарув тизимлари тўғри йўлга тушади, инсоф ва ҳақиқат устувор бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ислом таълимотига кўра, раҳбарлик – эришиш учун ҳаракат қилинадиган мансаб эмас. У катта масъулият. Бу масъулият фақат одамлар олдида эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам жавобгарликдир.
“Саҳобалардек бўлинг!” китобидан Абдулҳай МУҲАММАД ФОЗИЛ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 16-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws