Сиз қандай инисиз?
Сиз қандай инисиз? Опа-синглингиздан тез-тез хабар оласизми, келганида илтифот кўрсатиб, меҳрингизни изҳор қиласизми? Халқимизда “Опа – иккинчи она” деган нақл бор. Сабаби, опалар онага дастёр, ука-сингилларига меҳрибон, ғамхўр бўлади.
Танишларимдан бири опалари ҳақида бундай дейди: “Болалигимни хотирлар эканман, уларга қилган инжиқликларим эсимга тушади. Уч қиздан кейин кутилган ўғил бўлганим учун бири кийимимни саранжомласа, бири овқатимга қарашарди. Баъзан тўполон қилиб уларни хафа қилсам ҳам, мулойим гапириб тушунтиришган. Бир сафар бетоб бўлиб қолганимда учаласи ҳам бошимда ўтириб йиғлаганларини эсласам, кўзимга ёш келади.
Ҳозир барчалари оила бекалари. Шунда ҳам қачон меҳмонга борсам, онамдай парвона бўлишади. Алҳамдулиллаҳ, улардан ҳар жума куни хабар оламан. Кунда бир қўнғироқлашамиз. Яқинда уларни отаонам билан умрага юборишни режалаштиряпман”.
Бу танишим ўхшамай турган иши опаларига яхшилик қилганидан кейин ҳал бўлганини айтди. Дарҳақиқат, динимиз инсонларни силаи раҳм қилишга чақиради, уни сақлаганга юксак мукофоти хушхабарини беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик ришталарини сақлаб қолиш учун насабингизни ўрганинг! Чунки қариндошлик ришталарини сақлаб қолиш оилалар ўртасида меҳр-муҳаббатни кучайтиради, мол-мулкни зиёда этиб, умрни узайтиради”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ислом анъаналарида ака-ука ва опа-сингиллар ҳамда улар ўртасидаги муносабатларда ҳурмат, меҳр-оқибат муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, ота-она дунёдан ўтгач, баъзи эркаклар опа-сингилларидан тез-тез хабар олишни унутиб қўйишади. Зеро, опа ёки сингилга суянч бўлиш, муҳтожлик пайтларида ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам, кек сақламай кечириб юбориш мусулмон кишига хос хислатдир.
Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар. Ойлаб опа-сингиллардан хабар олмаган ака-укалар бор, баъзилар эса аёлининг гапига кириб: “Оиламнинг тинчи бузиляпти, кўп келаверма”, дея уларни ранжитишади. Ҳам аёли, ҳам опа-синглиси ўртасида муроса маёғини тутишни билмагани сабаб, ака-сингиллар юз кўрмас бўлиб кетяпти.
Ҳурматли ака мақоми ва ука иззатида бўлган эркаклар, опа-синглингиздан хабар олишни одатга айлантиринг. Зеро, уларга сиздан ширин сўз ва суянч керак, холос. Аллоҳ марҳамат қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу ва саллам хушхабар берган силаи раҳм мукофотидан бенасиб қолманг.
Инобат УСТА АЛИМОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws