Мақолалар

МУҲАММАД (АЛАЙҲИССАЛОМ)НИНГ БОШҚА ПАЙҒАМБАРЛАРДАН АФЗАЛЛИКЛАРИ

Чоп этилди Yanvar 16, 2019 No Comments

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа набийлардан бир неча жиҳатлари билан афзалдирлар. У зот айтадилар: “Мен (бошқа) пайғамбарлардан олти жиҳат билан афзал қилиндим: менга жамловчи калималар берилди, қўрқинч солувчи нусрат берилди, ўлжалар ҳалол қилинди, ер масжид ва покловчи қилинди, барча инсониятга пайғамбар этиб юборилдим, мен билан набийлар (келиши) ниҳояланди” (Имом Бухорий).

Бу ҳадисда Муҳаммад (алайҳиссалом)га берилган олти хусусият ҳақида сўз кетмоқда. Булар:

  1. “Менга жамловчи калималар берилди”. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га қисқа жумлалар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилияти берилганди. У зот масалани қисқа, лўнда баён этардилар. Ҳатто бир-икки оғиз сўзларига ҳам неча бет шарҳлар ёзилган.
  2. “Менга қўрқинч солувчи нусрат берилди”. Бошқа ривоятда: “Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч билан нусрат берилди”, дейилган. Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бир ойлик масофада турган душман қалбига ваҳима солиш билан ғалаба ато этган. Оз сонли мўминлар жуда кўп жангларда Аллоҳнинг мадади билан зафар қучишган.
  3. “Ўлжалар ҳалол қилинди”. Олдин ўтган пайғамбарларга жангда тушган ўлжалардан фойдаланиш мумкин эмасди. Аллоҳ таоло бу борада ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га лутф кўрсатган.
  4. “Ер масжид ва покловчи қилинди”. Уммати муҳаммадия учун ернинг ҳар қандай пок жойида намоз ўқишга рухсат берилган. Фақат масжидда эмас, чўлдами, тоғдами, денгиздами, қаерда бўлсаям, намоз вақти кириши билан покиза ерда ибодат қилинаверади. Бошқа умматларда бундай имконият йўқ. Бундан ташқари, сув йўқлигида ёки сув ишлатишга қодир бўлмаганимизда тоза ер жинси билан таҳорат қилиб намоз ўқишимиз мумкин.
  5. “Барча халойиққа пайғамбар этиб юборилдим”. Аввалги пайғамбарлар маълум қавмларга, халқларга юборилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бутун олам аҳлига: инсонларга, жинларга пайғамбар қилиб юборилганлар. Шунинг учун ким бўлишидан қатъи назар ҳамма у зотга эргашиши лозим. Акс ҳолда унинг эътиқоди нотўғри, амали номақбул ҳисобланади.
  6. “Мен билан набийлар (келиши) тугатилди”. Юқорида таъкидланганидек, Муҳаммад (алайҳиссалом) энг охирги пайғамбар. У кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлар саййиди, барча набийлардан, расуллардан шарафлидирлар. Бир ҳадисда: “Қиёмат куни мен одам фарзандлари саййидиман. Устидан қабр биринчи бўлиб ёриладиган одамман. Биринчи шафоат сўровчиман, шафоати биринчи қабул қилинувчиман”, деганлар (Имом Муслим).

Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни жами инсонларга, жинларга пайғамбар қилиб юборди. У зот бандаларга Қуръонни, ҳикматни ўргатдилар, турли ақидавий, ахлоқий иллатларни бартараф этдилар. Қуръони каримда: “Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир”, дейилган (Фурқон – Қуръони карим, оламлар – инс ва жинлар) (Фурқон сураси, 1-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам.) айтадилар: “Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, ушбу умматдан бирор киши: хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний бўлсин, мен ҳақимда эшитса-ю, кейин менга имон келтирмаса, албатта, дўзахга киради” (Имом Муслим).

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ер юзидаги барча инсонларга, жинларга пайғамбар этиб юборилиш билан ҳам бошқа анбиёлардан ажралиб турадилар. Шундай экан, кимда-ким Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки у зотнинг дини ҳақида эшитса, мусулмон бўлиши, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га имон келтириши фарз.

Зиёвуддин РАҲИМ

«ҲИДОЯТ» 12-сон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan