ТУШУНЧА: Ботил
Аллоҳ таоло: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят), деб марҳамат қилади.
“Ботил” сўзи луғатда ёлғон, беҳуда, пуч, асоссиз деган маъноларни англатади.
Фиқҳ энциклопедиясида: «“Ботил” шариатда асли ва васфи бўлмаган нарсадир», деб таърифланган.
Уламолар, ботил ибодат ва муомалотда бўлади, худди “ботил намоз”, “ботил савдо” каби, дейишган.
“Ботил” кўпроқ “ҳақ” сўзига зид маънода ишлатилади. Масалан, ботил ақида, ботил йўл, ботил далил, ҳужжат.
Қуръони каримда “ботил” сўзи ҳаққа тескари маънода келган: «Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб ҳақни яширасизлар» (Оли Имрон сураси, 71-оят).
“Ботил” сўзи Аллоҳ таолога бирор нарсани тенглаштириш маъносида ҳамда шариат ҳукмларига зид нарсаларга ҳам ишлатилади: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», (Бақара сураси,188-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади. Мана шунга ботил дейилади”, деганлар.
Балоғат ва мантиқ олимлари наздида ботил – сўзда ёлғон ишлатиш ирода қилинадиган нарса.
Ирфон (тасаввуф) уламолари наздида эса ботил деб Аллоҳ таолога тенглаштирилган нарсага айтилади. Улар: “Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарса ботилдир”, дейишади.
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан