Хиёнатдан сақланиш
Хиёнат энг ёмон сифатлардан биридир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хиёнат мўминлар учун ёт хислат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Мўминнинг табиатида барча хислатлар бўлиши мумкин, бироқ хиёнат ва ёлғон бўлмайди”.
Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонни бошқа мавжудотлардан кўра ақлли ва мукаррам қилиб яратиб, унга жуда кўп неъматларни ато этганини ва унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатади. Хиёнатнинг тури кўп, улардан энг ёмони, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган тана аъзоларига хиёнат қилишдир. Сарвари коинот ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, тана ва тана аъзолари соғлом бўлиши, уларни турли зарарли одат ва касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсон саломатлиги ҳақида ўзи қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.
Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, танаси соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, зиммасига юклатилган вазифани мукаммал адо этувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади. Ана шундай катта вазифалар юклатилган одам фарзандлари Аллоҳ буюрганидай яшаш учун тана саломатлиги ва ақл ҳимоясига масъулдир. Ислом шариатида инсон жони ва ақлини рисоладагидай сақлаши ўта долзарб масалалардан ҳисобланади. Бунинг учун у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳалолни олиб, ҳаромдан қочиши, ўзига фойдали нарсаларни қилиши ва зарар келтирадиганларидан четланиши зарур. Агар мусулмон киши Аллоҳ таоло билдирган ҳаётий тавсияларга риоя қилса, бу дунёда ҳаёти намунали кечади ва жамият олдида инсон деган улуғ номни эъзозлаган ҳисобланади. Агар мувозанат бузилишига олиб келадиган ёмон йўлларга қадам қўйса, ўзига омонат топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади. Бу билан ўзини ҳалокат гирдобига ташлаган саналади.
Ҳозирги асримизда гиёҳвандлик балоси инсон ҳаётига жиддий хавф солиб, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни “аср вабоси” деб сифатлашмаган. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, тана ва ақл неъматлари заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг махлуқотларни яратиш ҳикмати ва иродасига зид ишдир. Улуғ Аллоҳ азза ва жалла бундай огоҳлантиради:
“…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!..” (Бақара, 195).
Бошқа бир оятда:
“…ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29).
Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири: “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилманг”, демакдир. Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидай олмасдан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтарилмоқда. Шаръан ҳаром қилинган ҳар қандай иллатга, хусусан, гиёҳвандликка муккасидан кетиш ҳам шундай хавф манбаидир.
Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар:
Умму Салама (розияллоҳу анҳо) айтади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар (истеъмол қилиш)дан қайтардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).
Уламолар айтишича, мазкур ҳадисда зикр этилган “وَمُفَتِّر” (муфаттир) лафзи инсон аъзолари фаолиятига салбий таъсир этувчи нарсага нисбатан айтилади. Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ман қилинганига уламолар иттифоқ қилишган.
Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, ўзларидан мажруҳ, ақли ноқис зурриётлар қолдириши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва унинг кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилиб туриладиган маълумотларга қараганда, жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. БМТ қарорига биноан 1 март Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Давлатимизнинг доно сиёсати юртимизда фуқаролик жамияти ҳар томонлама олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.
Динимиз кишининг ҳамма томондан – ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом ва пок бўлишини талаб этади. Инсон ўз танаси ва соғлигини асраши, ўзини ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан четда туриши вожибдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилинг ва ўзингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқинг!” (Моида, 88).
Қудсий ҳадислардан бирида бундай дейилади: «Аллоҳ таоло айтади: “Бандам ўзини–ўзи ўлдириб, унга берилган умрига шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”» (Имом Бухорий ривояти).
Террорчи ташкилотлар уюштираётган қўпорувчилик ҳаракатларида ўзини портлатиб юбораётганлар ўз жонига ҳам, бошқа одамлар умрига ҳам зомин бўлишмоқда. Улар ўзини одамлар орасида портлатиш билан гуё “шаҳидлик”мақомига эришмоқчи бўлишади. Аҳли сунна вал жамоа уламолари иттифоқига кўра, бундай ғайриинсоний ҳаракат ноҳақдан қон тўкиш, оғир жиноят ҳисобланади.
Фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилган шахсларга жаноза намози ўқилмасликка фатво берилган.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм