“Қуръон қалби”нинг шифоси
Ёсин сураси 83 оятдан иборат бўлиб, Маккаи мукаррамада нозил бўлган. Унинг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар нарсанинг қалби бор. Қуръони каримнинг қалби Ёсиндир. Кимки Ёсинни ўқиса, Аллоҳ таоло унга Қуръони каримни ўн марта хатм қилганлик савобини ёзади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Қуръони каримда бир сура бор, Аллоҳ наздида жуда буюк, уни ўқиганлар эса жуда шарафли инсонлардир. У Ёсин сурасидир. Ёсин сурасини давомли ўқиганлар қиёмат куни Рабиъа ва Музар (икки қабиланинг номи)дан ҳам кўп инсонларга шафоат қиладилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар ким тунда Ёсини шарифни ўқиса, эрталаб барча гуноҳлари кечирилган ҳолда уйғонади”, дедилар (Имом Нававий ривояти).
Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ёсин сурасини ўликларингиз (вафоти яқин қолган беморларга) ўқинглар!” деб марҳамат қилинган (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисга асосланган ҳолда уламолар бундай дейишган. “Ушбу сура мушкул тушганда ўқилса, Аллоҳ таоло уни осон қилади. Агар беморга ўқилса, жон чиқиши енгиллашади. Агар маййитга ўқилса, Аллоҳнинг раҳмати ёғилади”.
Кимки онаси ёки отасининг қабрини зиёрат қилиб, қабр бошида Ёсин сурасини ўқиса, ҳар бир ҳарф эвазига марҳумга савоб берилади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мени ушбу сура (Ёсин) ҳар бир умматимнинг қалбида ёд бўлиши жуда севинтиради”, дедилар (Имом Баззор ривояти).
Раҳматуллоҳ қори ОБИДОВнинг
“Аллоҳнинг гўзал исмлари ва Исми Аъзам” китоби асосида тайёрланди.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан