Макоримул ахлоқ ҳақида бир оғиз сўз
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Ислом бахилликчалик бирон-бир амални йўққа чиқармаган”. Яна бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: “Кимки тилини сақласа, Аллоҳ унинг авратини тўсади. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло ундан азобини тияди. Кимки дунёда Аллоҳ таолога узр (тавба) қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади”.
Ислом дини ўз асосини бағрикенглик ва сахийлик устига барпо қилган. Чунки Ислом нафс ва молни топширишдир. Кимки молга бахиллик қилса, у ўз нафсига унданда бахилроқ бўлади. Кимки нафсга сахийлик қилса, молга унданда сахийроқ бўлади. Бахиллик бандадан исломни кетказади, имонга дарз келтириб, уни заифлаштиради. Чунки бахиллик бу – Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилиш ҳамда Аллоҳнинг ҳақларини тўсиш ва Ундан бошқага суянишдир.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким тилини сақласа, Аллоҳ унинг авратини тўсади”, деган гапларининг маъноси, банда мусулмонларни сўкмаслик ва айбини очмаслик учун уларнинг обрўси, шаъни ҳақида гапиришдан сақланади. Унинг учун Аллоҳнинг бу дунёдаги мукофоти – Аллоҳ унинг авратини (айбларини) тўсмоқлигидир.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло ундан азобини тияди”, деган сўзларидаги “азоб” бу – ўзаги Аллоҳнинг ғазаби бўлган дўзахдир. Аллоҳнинг ғазаби сабабли у алангаланади ва ловуллайди. Агар банда ғазабини тийса, Аллоҳга тавозе қилган бўлади ва Унинг ғазабидан тўсилади. Агар банда ғазабини тўсса, ортидан унга Аллоҳнинг розилиги келади. У зотнинг: “Кимки дунё-
да Аллоҳ таолога узр (тавба) қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади”, деган ҳадиснинг маъноси эса, олижаноб инсон, агар унга бирор киши ростдан ёки ёлғондан узр сўраб келса, узрини қабул қилади. Чунки унинг узри надомат ва тавбага юзланишдир. Олижаноб ва улуғ киши унинг узридан ноумид қилиб қўйишига рози бўлмайди. Банда ушбу узри билан айбини тўсишни ва кўнглидаги ғашликни кетказишни умид қилади. Раббиси эса банданинг қилган умид-орзуси, интилиши ва яхши гумонига қараб муомала қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Бирон-бир киши биродаридан узр сўраганда, унинг узрини қабул қилмаса, унинг бўйнига талончиларнинг гуноҳи каби гуноҳ тушади”, дедилар (ҳадисдаги “Соҳибу макс” ибораси “талончи” деб таржима қилинди. Бу ибора “ушр оляпмиз” деб, бандалардан пулларини тортиб олиб қўювчи инсонларга айтилади).
Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимки унга рост ёки ёлғондан юзланиб келган инсондан “узр” қабул қилмаса, Ҳавзга бўянган ҳолатда келтирилади”. Бу ерда “юзланиш” барча гуноҳлардан чиқиб ўзини топшириш деган маънода. Уни қабул қилмаслик эса олижаноб инсонларнинг ишидан эмас.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм