Руҳ – аслларнинг аслидир
Инсон бадани ва аъзолари руҳ билан тирик. Руҳнинг борлиги соясида бадан кўради, билади, эшитади, ушлайди, юради. Руҳнинг хусусият-фазилатлари туфайли доноликда катъият, назарда фаросат ва ибрат, эшитишда ҳикматни англаш, эргашишда итоат, юришда хизмат юзага келади. Жўмардлик йўли, мушоҳада жойи, фазл мавзеси, карам макони, яқинлик кароргоҳи, қудсият маскани, ҳаёт маҳали, унсият бўстони, севги-дўстлик водийси, муҳаббат денгизи, сукунат майдони ва мукошафат йўли жон-руҳдир.
Бу сўзнинг тўғрилигига далил қуйидаги ояти каримадир:
“Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!”. Изоҳ. Ушбу оятда инсоннинг она қорнидаги бир томчи сувдан то тирик, комил инсонга айлангунигача кечган жараён Яратганнинг Ўз илоҳий қалами билан аниқ-равшан қилиб чизиб берилди. Жон тобланадиган жой бўлган инсон суратининг илк яратилиш сифатини Ҳақ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади:
“(Қасамки,) Биз инсонни (яъни Одам (алайҳиссалом)ни) лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!” (Муъминун сураси, 12–14-оятлар).
(Она раҳмидаги) Уч хил қоронғуликда сув билан битилган ёзувни идрок айлаш барча ақлларни лол қолдирди. Нутфанинг алақага, алақанинг гўштга, гўштнинг суякка айланишини идрок этишда бутун олам аҳлининг фаҳми ожиз қолди. Ҳаққа яқин бўлган зотлар бу ажойиб ҳолларга юз минг ҳикмат, ибрат, аломат, ҳукм, далил, латифа, карам, иззат, саховат ва фазилат билан қарасалар, гувоҳ бўладиларки, булар дунё денгизларига қиёслаганда қатрачалик ҳам эмас. Бу ҳолатларни ифодаловчи ҳикмат, ибрат ва далиллар ўн саккиз минг оламнинг зарраларидан бир зарраси ҳам бўлолмас. Халлоқи олам буларни ҳолдан ҳолга ўзгартиришда, инжа (нутфа)нинг устига қалин (алақа)ни, алақани эса янада қалин (гўшт)нинг устига нақш этиш борасида ўзини мадҳ этмади. Бироқ руҳни яратишга ва унинг сифатларидан сўз юритишга навбат келганда ўзини мадҳ этади:
“Бас, энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли-буюкдир” (Муъминун сураси, 14-оят).
Токи коинот аҳли руҳнинг улуғлиги, азамати ва софлигини англасинлар. Унинг нутфа ва алақага ўхшамаслигини билсинлар. Жон суяк ва гўшт жинсидан эмас, бўғин ва томирларга менгзамайди, соч ва юз шаклида ҳам эмас. Шундай экан, қандай қилиб руҳ уларга ўхшасин?
Нутфа, алақа, гўшт, суяк, соч ва юз каби бошқа борлиқлар ҳам руҳга ўхшамайди, улар жонсиз, қотиб қолган ва ўликдирлар. Улар ҳалок бўлиб, сасиб, айнишга маҳкумдирлар. Лекин бу борлиқлар руҳ билан доимо тирик, ҳаракатда ва тоза, бузилмайдилар, сасимайдилар ва йўқ бўлиб кетмайдилар. Ҳаққа бўйсуниш руҳнинг ишидир. Аъзолар у орқали ҳаракатланадилар. Одамни фаолиятга келтирадиган аъзолар аслида руҳ туфайли ҳаракатдадирлар. Ирода ва ихтиёр ҳам унда. Бўйсундирувчи, бўйсунувчи каби эмас. Аъзолар уни ҳаракатга келтирувчига ўхшамас. Хизматкор, хизмат қилдирувчи янглиғ, минувчи, улов сингари эмас. Руҳ кўришда кўздир ва кўзда кўришдир ва кўрадиган кўзнинг кўрувчисидир. Руҳ кўришни ҳам кўради. Шунингдек, эшитиш ва эшитилган, сўзлашув ва сўзлашилган, хидлаш ва хидланган, тотиш ва тотилган, англаш ва англашилганнинг эшиги ҳам руҳдир.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 12000 сўм