Мақолалар

Исомиддин бобо ибрати

Чоп этилди Dekabr 24, 2019 Исомиддин бобо ибратиda fikr bildirishni o'chirish

Қишлоғимиз катта. Одамлари ажойиб. Гу­рунг қилсангиз, дилингиз яйрайдиган кексалар бор. Саксонни қоралаган Исомиддин бобо ҳам суҳбати соз қариялардан. Тез-тез гурунглашиб турамиз. Бу са­фар гурунгимиз қишлоғимиздаги Чори Вайисов исмли механизатордан бошланди.

– Ўша одамни кўрган қа­риялар “ҳеч бозорга борган эмас”, дейишади. Ростдан шун­дайми? .

Саволимиздан кейин Исо­миддин бобо хаёлга чўмди. Кейин:

– У кишининг уйи бо­зор эди, – деди нигоҳи­ни узоқ­ларга тикиб. – Расталарда уч­рамай­диган деҳқончилик, чорвачилик маҳсулотлари Чори бобоникида албатта топиларди. Шунинг учун ҳам бозорга иши тушмаган. Қирқ йил тракторчилик қилган. Эрта кўкламдан кеч кузгача тинмасди. У пайтлар трактор кам, борлари ҳам авайлаб ишлатиларди. Чори бобо эса ҳаммага ёрдам берарди. Деҳқон ёки чорвадорга трактори билан кўмаклашиши кераклигини ҳар қандай раҳ­барга уқтира оларди. Далада озгина бўш жой бўлса, шудгорлаб, деҳқонларни экин экишга ундарди. Ҳар йили Наврўз куни ошқовоқ экар­ди, биринчи ошқовоқ Чори бобоникида узиларди. Томор­қасида тут пишиғидан то куз­гача мева-чева ғарқ пишиб ётарди. Қўй ва парранда ҳам боқарди. Ўзи ҳам, оиласидагилар ҳам ишлаб чарчамасди. Бозорга борарди, фақат маҳсулот сотиш учун.

Шундай дея Исомиддин бобо бизни томорқасига бош­лади. Тартибли экилган гул­ларнинг ранги, хуш бўй­ларидан дил яйрайди. Узум, анорнинг бир неча нави, олма, нок, бодом, ўрик турлари кўзни қувнатади. “Ток, анжир, анорни қишда кўмамиз. Озуқасини берамиз. Баҳор келиши билан очамиз, парваришлаймиз. Дарахтларни пайвандлайман, ёшларга ўр­­гатаман. Меҳнатдан қоч­май­миз. Асалари, қўй боқамиз. Эн­ди иссиқхона қурмоқчимиз”.

Бу гапларни тинглаб, меҳ­наткашлик, миришкорликда Исомиддин бобо ҳам Чори бободан қолишмайди, деган фикрга келдик. Нега дейсизми? Ҳарбий хизматдалик даврида электр соҳасида махсус маълумот олганини эшитган хўжалик раҳбари армиядан яқиндагина қайт­ган Исомиддинни ёнига ча­қиради. “Бекор ётган генера­тор бор, шуни ишлатиш ке­рак”, дейди. Исомиддин кўп ўтмай топшириқни бажаради ва генератор ёрдамида қишлоқдаги хонадонлар электр энергияси билан таъ­минланади. Ўшанда 1957 йил эди.

Қарши политехника техникумини битиргач, вилоят электр-пайвандлаш идорасида иш бошлайди. 38 қишлоқни электрлаштиришда фаол қатнашади. 1984 йили хўжаликка ишга келгунигача бу жойда сув каналдан дизел двигателлари ёрдамида чиқарилган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 18 та насос электр қуввати билан ишлаш­га ўтади.

Бобонинг кутубхонаси ўзга бир олам. Асалари парва­риши, тиббиётга доир китоб­лари кўп. Бадиий асарлар унинг доимий ҳамроҳи. Рус тилини пухта билгани учун жаҳон адабиёти дурдоналарини аслиятда мутолаа қилган. Дос­тонларни кўп ўқийди. Шу са­бабли ҳам сўзлари маъноли, таъсирли. Турмуш ўртоғи Му­ҳаббат момо билан тарбиялаб элга қўшган етти фарзанди ҳам ўзларидек очиқкўнгил, яхши инсонлар.

Намозини канда қилмай­диган, умр бўйи меҳнатнинг ҳалол нонини еган Исомид­дин бобо суҳбатидан: “Бизга ҳам мазмунли яшаш насиб этсин”, деган дуо ила қайтдик.

Исмоил ШОДМОНОВ

Касби туманидаги “Хожаҳайрон ота” жоме масжиди имом-хатиби,

Бахтиёр РАЖАБОВ

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 11-сонидан