Мақолалар

Энг гўзал хулқ соҳиби

Чоп этилди Dekabr 27, 2019 Энг гўзал хулқ соҳибиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳаётда инсоннинг ҳазил-мутойиба билан кўнгли­ни ёзишга муҳтож пайтлари бўлади. Ушбу эҳтиёж динимизда баён этилган одоб-ахлоқ доирасида қондирилса, кўплаб яхшиликларга васила бўлади.

Савол туғилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олийжаноб ва виқорли, рисолатнинг вазифалари, умматга раҳбарлик масъулияти билан машғул бўлсалар-да, ҳазиллашармидилар?

Пайғамбаримиз алайҳис­салом одамлар билан фақат ҳақ доирасида, ҳолат тақо­зосидан келиб чиқиб, камситиш ва мазахдан холи ҳолда ҳазиллашардилар. Бу ишни аҳллари, саҳобалар ва барча инсонларга хурсандчилик улашиш мақсадида амалга оширардилар. Ҳатто болаларга ҳам ҳазил ила шодлик ва хурсандчилик туҳфа этардилар.

Ҳақиқатни гапириб ҳазил-мутойиба қилиш ҳар бир мўмин учун умумий одоблар­дандир. Абу Ҳурайра розиял­лоҳу анҳу ривоят қила­ди: «Саҳобалар: “Эй Аллоҳ­нинг расули! Сиз ҳам ҳазил-мутойиба қиласизми?” де­йишди. Шунда у зот алай­ҳиссалом: “Албат­та, мен ҳақ­дан бошқани айт­майман”, де­дилар» (Имом Тер­мизий ри­вояти). .

Нўъмон ибн Башир розиял­лоҳу анҳу айтади: «Абу Бакр Сид­­диқ розияллоҳу анҳу Пай­ғам­баримиз алайҳиссалом уй­­ларига кириш учун рухсат сў­­ради. Ўшанда Ойша онамиз овозини Набий алайҳиссалом­га нисбатан қаттиқроқ кўтар­ганини эшитди. Уйга киргач, онамизга: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларида ово­­­зингни кўтарасанми?!” деб танбеҳ берди. Набий алайҳис­салом Абу Бакрни шаштидан қайтара бошладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса қизи­нинг ишидан хафа ҳол­да ташқа­рига чиқиб кетди. Шун­дан кейин Пайғамбаримиз алай­ҳис­са­­лом Ойша онамизга: “Сиз­ни қан­дай ҳимоя қилиб қол­­ганимни кўрдингизми?” де­дилар».

Анас розияллоҳу анҳу ри­воятида: «Набий алайҳисса­лом менга: “Эй икки қулоқли!” дедилар» (Имом Термизий ривояти). Шу кишидан яна бир ривоятда келади: «Саҳролик одам бўларди. Уни Зоҳир деб аташарди. У саҳродан Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя келтирарди. Қайтаётганида Набий алайҳиссалом йўлнинг таъминотини қилиб берардилар. Бир куни у тўғрисида: “Зоҳир саҳроимиз, биз унинг шаҳри­миз”, деб марҳамат қилдилар. Набий алайҳиссалом уни ях­ши кўрардилар.

Бир куни Зоҳир мато сотаёт­ганда, Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом орқасидан келиб, уни қучоқладилар. Шунда Зо­­ҳир: “Мени қўйиб юбор! Ким­сан!” деди. Ўгирилиб қа­раса, Набий алайҳиссалом турибдилар. У Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак кўксиларига босиб туриш­ларидан ўзини ортиқ олиб қочма­ди. Кейин у зот алай­ҳиссалом: “Бу қулни ким сотиб олади?” дедилар. Зоҳир: “Ундай бўлса, Аллоҳга қасам-ки, менинг бозорим касод бў­лади (яъни, тузукроқ пулга сота олмайсиз)”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло наздида қадринг арзи­мас эмас, балки қимматба­ҳодир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифда очиқ-ойдин ҳазил билан бирга мукаммал хулқ, гўзал ахлоқ мавжуд.

Яна бир ҳадиси шарифнинг мазмунида Набий алайҳисса­ломнинг рост ҳазиллари кел­­тирилади. Бир аёл: “Эй Аллоҳ­нинг расули, эрим касал бўлиб қолди”, дейди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эринг­нинг икки кўзида оқлик бор”, дедилар. Аёл гўёки эрини кўр бўлиб қолибди деб ўйлаб, кўз­ларини очиб кўради. Шунда эри ҳар бир кўзда оқлик бўли­ши, Набий алайҳиссалом ҳа­зил­­лашганларини эслатади.

Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир ҳолатлари биз учун гўзал намуна. Ҳатто ҳазилла­ри ҳам кўнгилларга сурур ба­ғишлайди. Шундай экан, бу зотдан ўрнак олиш оқил мў­­миннинг фазилатидир. Ак­синча, қалбга қўрқув солувчи, хафагарчилик келтирувчи ҳа­зиллардан четланиш лозим.

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан