Бақлажон димлама
Бақлажонлар билан димлаб тайёрланадиган бу таомнинг гўшти жуда юмшаб пишади. Кавказ ошхонасига тегишли бу таом сизга ҳам ёқиши аниқ.
Тайёрланиши: гўшт ўртача катталикда, тўртбурчак шаклда тўғраб олинади. Пиёз эса ярим ҳалқа қилиб тўғралади. Гўштни тоғорачага солиб, устидан пиёз, 2 ош қошиқ ўсимлик ёғи солиб, туз ва мурч сепилади. Аралаштириб, 20 дақиқа тиндириб қўйилади.
Бақлажон ва булғор қалампирини катта-катта, аччиқ қалампир ва саримсоқ пиёзни эса майда қилиб тўғраш керак. Помидорларни иккига бўлиб, қирғичдан чиқариб олинади. Пўсти ташлаб юборилади.
Қозонга ёғ қуйиб, қиздириб, гўшт билан пиёз солинди. Гўшт қизаргунига қадар қовуриб, сўнг бир стакан сув қуйилади ва оловни пасайтириб, гўшт юмшагунига қадар димлаб пиширилади. Сўнг булғор қалампири, аччиқ қалампир, помидор, помидор пастаси, саримсоқ пиёз солиб аралаштирилади. Беш дақиқа димлаб пиширилади. Сўнг бақлажонларни солиб, ўртача оловда 25-30 дақиқа давомида димлаб пиширилади.
Тайёр бўлишига 2 дақиқа қолганда, тўғралган кўкатларни солиб, таъбга кўра қараб, туз сепилади.
zira.uz