Мақолалар

Қандай қилиб минг сўмни юз мингга айлантириш мумкин?

Чоп этилди Yanvar 27, 2020 Қандай қилиб минг сўмни юз мингга айлантириш мумкин?da fikr bildirishni o'chirish

Ҳа, азизлар, минг сўмни бемалол юз мингга айлантириб олиш мумкин. Аммо муҳими бу фойда эмас. Муҳими, шу фойданинг ёнида ададини фақат Парвардигоримизнинг Ўзи биладиган ажру савоблар ҳам бўлади. Аммо, диққат қилинг, у телевизорда эрта-ю кеч реклама қилинадиган ва ҳар доим ўйин ташкилотчилари ютиб, ўйновчилар ютқазадиган, баъзи лақмалар эса телевизорда бир кўриниш учун мен уни ютдим, мен буни ютдим деб ёлғон гапирадиган, аслида эса зиён кўрадиган, гуноҳ орттирадиган қимор ўйини эмас. Бу – Аллоҳ билан савдо қилиш. Яъни муҳтожларга мутлақо бетамаъ эҳсон қилиш ва унинг самарасини кўришдир.

Раббимиз Қуръони каримда биз, бандаларига хитоб қилиб: “Аллоҳга  “чиройли  қарз”  берадиган  (Унинг  йўлида  ўз  бойлигидан  сарфлайдиган)  киши  бормики, унга  бир  неча  баробар  кўп  қилиб  қайтарса?  Ҳолбуки,  Аллоҳ  (ризқни)  танг  ҳам,  кенг  ҳам  қилур  ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара, 245);

“Айтинг:  «Албатта,  Раббим  бандаларидан  Ўзи  хоҳлаганига  ризқни  кенг  қилур  ва  (Ўзи  хоҳлаганига ризқни)  танг  қилур.  Бирор  нарсани  (муҳтожларга  холис)  эҳсон  қилсангиз,  бас,  (Аллоҳ)  унинг  ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39), дейди ва шу мазмундаги оятлар билан муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган кишининг юкини ерда қолдирмаслигининг хабарини беряпти. Муҳтожлар учун озгина нарса сарфласа, уни кўпайтириб қайтаришини айтяпти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчининг молининг ўрнини тўлдиргин”, иккинчиси эса: “Ё Аллоҳ, хасиснинг молига талофат бер”, дейди”, деганлари айтилган.

Мазкур ояти карималар ва ҳадиси шариф ҳикматини ўз ҳаёти мисолида кўрган ниҳоятда саргузаштларга бой фотомухбир дўстимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, қуйидаги воқеани  ҳикоя қилиб берди.

– Биласизки, бизникиларнинг жума куни йиғилиш ёки тадбир ўтказадиган одати бор. Кечаги жума ҳам шу одатга хилоф иш бўлмади – ишхонада катта йиғилиш чақирилди. Бу ҳақда завжаи олияларига айтгандим. Эрталаб костюм-шимимнинг қирраларини ўткир қилиб дазмоллаб қўйибди. Сизга шу костюмингиз роса ярашади-да, дейди. Хурсанд бўлиб кийиб олдимда чақмоқдек бўлиб йўлга чиқиб кетдим. Маршруткада навбатим етай деганда чўнтагимга қўл солиб кўрсам, шимимнинг чўнтагида минг сўм  бор экан, шоша-пиша ҳамма чўнтакларимни текшириб чиқдим – пул йўқ. Навбатдан астагина сирғалиб чиқиб автобус кута бошладим. Чунки ҳар доим курткамнинг чўнтагида проезднойим бўлади.

Йиғилиш ўнта кам бир деганда тугади. Югуриб бекатга чиқиб автобус кутяпман, қани энди кела қолса. Бир маҳал “Сквер-Тўйтепа” деган автобус келиб қолди. Одамга тўлалигидан ёрилиб кетай деяпти автобус бечора. Автобуснинг шофёр тарафига ўтиб бордим. “Ука, Электроаппаратгача минг сўмга олиб кетасизми?” деб сўрамоқчи бўлдим. Аммо уялдим. “Пўримлигингиздан от ҳуркади, ака, яна беш юз сўм тополмадингизми?!“  деб қолса, нима деган одам бўламан,  деб ўйлаб ортга чекиндим. Соат миллари эса бирга яқинлашиб қўйди.

Наиложликдан ортга қайтсаммикан, деб иккиланиб тургандим. 40 номерли бир нексия ёнимга тўхтаб, шофёри: “Ака, Қуйлиққа қандай борса бўлади?” деб  сўраб қолди. Мен жумага боришдан умид узган эдим. Шунинг учун уларнинг машинасига ўтириш хаёлимга ҳам келмабди. “Кейинги светофордан чапга қайриласиз, иккита светофордан кейин қиялама кўприк келади, ўша кўприкнинг устига чиқиб кетаверинг”, дедим. Шофёр: “Ака, йўлингиз ўша тарафга эмасми, бизга йўл кўрсатиб боринг, илтимос”, деб қолди. Шундагина улар билан жумага етиб олишим мумкинлиги хаёлимга келди. Югуриб бориб машинага ўтирдим-да: “Ислом ота”гача бирга бораман, нарёғига ҳеч қаёққа қайрилмай тўғри юраверасиз”, дедим.

Аллоҳ таолонинг иродасини қарангки, йўлда фақат яшил чироқлар ёниб турибди, Масжидга етганимизда азон айтиб бўлаёзган экан, Машинадан тушдиму югуриб йўлни кесиб ўтдим. Аммо одамнинг кўплигидан масжиднинг ҳовлисига ҳам бўйлай олмадим. Масжид ёнидаги йўлда одамлар ўзлари олиб келган жойнамозларни ёзиб ўтирибди, энди нима қилдим, деб тургандим. Биров қўлини кўтариб ёнига чақирди. Қарасам, эски танишим. Унинг ёнига сиқилиб туриб олдим. Шу билан у ерда ҳам жой қолмади.

Намозни ўқиётиб, хаёлимда жумага бепул етиб олдим. Энди чўнтагимдаги пулни эҳсон қиламан-да, автобусда маза қилиб кетавераман, деб ўйладим. Бироқ намоздан кейин танишим, “Бирга тушлик қилайлик”, деб қолди. Чўнтакда ҳемири йўқ. Нима деб баҳона қилсам экан деб бошим қотиб тургандим, “Йўқ, деманг, илтимос, сизни бир меҳмон қилмоқчиман”, деди.

Ё тавба, бунақа таклифга йўқ деб бўлар эканми!.. Аммо сир бой бермасдан: “Қўймадингиз-да”, дея сиполик билан ортидан эргашдим. Йўлда у эҳсон қилди, мен ҳам пешонамдаги минг сўмимни бир муҳтожга бердим. Еб-ичганимиздан сўнг у менга қўярда-қўймай юз минг ҳадя қилди. Аллоҳ таолонинг меҳрибончилиги билан эҳсон қилган минг сўм пулим бир зумда юз мингга айланиб қайтди.

Кечқурун уйга оғзим қулоғимга етиб қайтдим. чўнтагимни қоқлаб қўйган аёлим қўрқиб ўтирган экан. Эшикни очгани заҳоти узр сўрашга тушиб: “Дазмол қилаётганимда чўнтагингиздаги нарсаларни столнинг устига…” деб қўлимдаги бозор-ўчарга  ва тиржайиб турганимга қараб ҳайрон бўлиб қолди: “Вой, пулни қаердан олдингиз?..”

***

Ушбу мавзудаги ҳадиси шарифни қайсидир манбада учратган эдим. Аксига олиб шу чоқда ўша манбани тополмай қолдим. Қаршимиздаги хонада ўтирадиган ҳамкасбимиздан сўраб чиққан эдим. У мана бу воқеани сўзлаб берди:

– Мисрда ўқиганимизда бир ойга аранг етадиган стипендия олардик. Агар каттароқ китобми ёки бошқа нарса харид қилиб қўйсак етмай қоларди. Бир куни беш жунайҳ пулим қолди. Стипендиягача ҳали вақт бор. Бу пул эса ҳеч нимага етмайди. Ётоқхонага етаёзганимда йўлда тиланчилар учради. Ўша беш жунайҳни уларга ҳадя қилдим. Хонамга кириб кийимларимни алмаштираётган эдим ҳамки эшик тақиллаб қолди. Эшикни очгандим бир киши ҳеч нарса демасдан 50 жунайҳ бериб кетди. У ерда эҳсон қиладиган кишилар эҳсонини баъзида талабларга шу йўсинда тарқатиб кетишади.

Дамин ЖУМАҚУЛ