Моҳитобон – Порлоқ ой
Хожа Ориф Ревгарий – хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси ва назариётчиларидан бири. Тасаввуфга доир тарихий манбаларда тўлиқ шаклда Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон тарзида учрайди.
Милодий XII аср ўрталарида, (баъзи манбаларда 1165 йили) Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Ревгар қишлоғида туғилгани қайд этилади. Шунинг учун у “Ревгарий” нисбасига эга.
Аммо таваллуд йили ҳақидаги бу маълумот унчалик ишончли эмас. Чунки пири Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йили вафот этгани ва тариқатга раҳбарлик қилишни Ревгарийга топширганини ҳисобга олсак, у нисбатан етук ёшда бўлган бўлиши керак. Чунки тариқатга пирлик қилиш 14 ёшли ўспиринга топширилиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Моҳитобон 1259 йили Шофирконда вафот этган ва шу ерда дафн қилинган.
Манбаларда келтирилишича, Хожа Ориф Ревгарий ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, ингичка қошлари ҳилол каби бўлган, доимо баданидан хушбўй ҳид таралиб турган. Уни “Моҳитобон” дейишган. Бу эса “Порлоқ ой” деган маънони англатади. Халқ орасида юз ёшдан ошгани ҳақида гап юради. Қабри Бухородаги етти табаррук зиёратгоҳдан бири ҳисобланади. Мақбара мажмуа тарзида ўраб олинган. Бу меъморий мажмуа мустақиллик йилларида таъмирланди ва унинг яқинида 1996 йили янги масжид бунёд этилган. Маҳаллий аҳоли ўртасида «Хожа Ориф» ҳатто ҳозиргача ҳам Шофирконнинг иккинчи, яъни норасмий номи ҳисобланади. .
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги, АЙСЕСКО тарафидан 2020 йили Бухоро шаҳрининг Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ушбу вилоятда катта халқаро анжуман ўтказиш кўзда тутилган.
Ана шу тантаналарга тайёргарлик жараёнида Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон ёдгорлик мажмуасида ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. 1996 йили қурилган масжид музейга айлантирилди, янги масжид қад ростлади. Мажмуада ободончилик ишлари амалга оширилиб, зиёрат туризми учун қулай шарт-шароитлар вужудга келтирилди.
Хожа Ориф Ревгарий – Бухородаги етти нақшбандий пирнинг иккинчиси. Пири – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Навоийнинг далолат беришича, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг уч халифаси (ўринбосари) бўлган. Моҳитобон шулардан бири эди. У кўп йиллар давомида Абдулхолиқ Ғиждувоний хизматида бўлган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан кейин тариқатга раҳнамолик қилиш Хожа Ориф Ревгарийга ўтди.
Тасаввуф аҳли орасида у “Қутб-ул авлиё” (“Валийлар йўлбошчиси”) унвони билан ҳам довруқ қозонган. Тасаввуфнинг ўзак жиҳатлари ва назарий масалалари борасида баҳс юритган “Орифнома” рисоласи муаллифи. Унда соликларнинг тавба қилиб, яъни аввалги турмуш тарзида йўл қўйган хато ва камчиликларни такрорламасликка аҳд айлаб, келажакда гуноҳ ишларни қилмасликка азму қарор бериши, шу тариқа тасаввуф йўлига кириши масаласига алоҳида диққат-эътибор қаратилган. Муаллиф тасаввуфий тавбани “Ислом динининг туғи” деб таърифлаган. Асарда: “Одоб нек одамлар зийнати”, “Авлиёлик аломати учта: биринчиси – баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ, иккинчиси – сабру тоқати етгунча парҳезкорлик қилмоқ, учинчиси – то кучи етгунча инсоф қилмоқ”, “Очлик – зоҳидлар, зикр – орифлар таоми” каби ибратомуз сўзлар жуда кўп.
Хожа Ориф Ревгарий Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига камоли диққат билан амал қилган, хожагон тариқати ғояларини кенг тарғиб этган. Кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Шайхлик рутбасини муриди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга топширган.
Султонмурод ОЛИМ
филология фанлари номзоди
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан