Монополияга қачон чек қўйилади?
Истеъмолчилар автомашиналар нархи 1 ёки 2 фоизга эмас, бирданига 15-20 фоизга кўтарилганидан норози. Нима сабадан, қайси омиллар туфайли, нега айнан харидоргир бўлган автомашиналар нархи тушиши ўрнига кўтарилиб кетгани кўпчилик истеъмолчиларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Мутасаддиларнинг ваъдалари аксинча эди. Яъни, бу йил автомашина нархи тушиши кутилаётган эди. Бу иши билан UzautoMotors истеъмолчилар устидан яна бир “ярашмас юриш қилди”.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига 2019 йил давомида 100 га яқин ранги ўчганидан тортиб, техник носозлигу ўз жойида турган, ҳеч қандай ташқи омилларсиз ўз-ўзидан ёниб кетган машиналар тўғрисида аризалар келиб тушган. Биз низомда белгиланган тизим орқали истеъмолчиларимизга кўмак кўрсатган бўлишимизга қарамасдан, муаммолар кўпайса кўпайдики, асло камаймади.
UzautoMotors монопол ташкилот ҳисобланар экан бу каби муаммоларнинг адоғи бўлмаслиги аниқ.
Тўғри, халқимиз меҳнаткаш, орзу- ҳавас учун ҳам машина олиш иштиёқидан асло қайтмайди. Лекин бу дегани исталганча халқ билан ҳисоблашмасдан нархларни ошириш керак дегани эмас. Бу кетишда халқимиз анча пайт мусофир юртда “қора ишчи” деган тамға билан юришга маҳкум. Қачонгача ўзга юртда яратилган имкониятларга ҳавас қилиб юрамиз? Қачонки, UzautoMotors дан ташқари яна рақобатдош заводлар иш бошласа, шундагина нархнинг тушишидан умид бор. Aкс ҳолда халқга нисбатан бундай беписанд ва таҳқирловчи кайфият уларни тарк этмайди. Бу монополияга биргина мисол холос. Aслида бу “мусаффо осмон” остида инсоният эҳтиёжига нимаики энг зарур ҳисобланса, барчаси монополия ҳукми остида. Истанг сафарга чиқинг “Ўзбекистон ҳаво йўлларига” 2 баробар ошиқчасига ҳақ тўланг. (Биргина мисол: Тошкент – Истанбул билан Олмаота – Истанбул қатнов линияларини солиштирадиган бўлсак, бизда 1 миллион сўм қимматига билет харид қилишингиз керак, аслида эса масофа 1000 километр (10 соат) бизга яқин, аммо биз “мусаффо осмон” остида учганимиз учун шунга яраша тўлаймиз). Истанг темир йўлларидан, истанг газ ёки свет, истанг маиший техникага мурожаат қилинг, барчаси монополия ҳукми остида. Асос билан гапирадиган бўлсак, бизга тушган маиший техникалар билан боғлиқ барча шикоятлар “миллий бренд”имиз билан боғлиқ.
Гапимиз ниҳоясида истеъмолчиларимиздан шуни илтимос қилардикки, қўйилган баҳога кўниб кетаверманг. Президентимиз ҳам “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деб бекорга айтмаган. Халқ манфаати ўйланмас экан, уни талаб қилиш ҳуқуқига тўлақонли ҳақлимиз. Халқдек қудратли куч бўлмайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
Матбуот хизмати