Пайғамбар ва олимларнинг касб-ҳунар билан шуғулланиши
Ҳақиқатан, ҳар бир пайғамбар ва олим зотларнинг ўз ҳунари бўлган. Ул зотлар ҳунари сабаб ризқланганлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан олдинги пайғамбарларнинг ҳунари ҳақида сўралди. У киши: “Одам (алайҳиссалом) деҳқон эдилар. Идрис (алайҳиссалом) подшоҳ, ягона ҳаким бўлсалар ҳам тикувчилик қилганлар ва у киши биринчи бўлиб кийим тикиб кийганлардандир. Тикиш пайтида Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлмаганлар. Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгор эдилар ва у киши биринчи бўлиб кема ясаган. Ҳуд (алайҳиссалом) ва Солиҳ (алайҳиссалом) тижоратчи, Иброҳим (алайҳиссалом) зироатчи, Исмоил (алайҳиссалом) овчи, Исҳоқ (алайҳиссалом), Яъқуб (алайҳиссалом), Шуайб (алайҳиссалом) ва Мусо (алайҳиссалом) чўпон бўлганлар. Юсуф (алайҳиссалом) соатсоз бўлганлар, у кишининг зиндонда ёғочдан соат ясагани нақл қилинган. Ҳорун (алайҳиссалом) вазир бўлган. Илёс (алайҳиссалом) тикувчи ва Довуд (алайҳиссалом) совутчи бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тожир, яъни тижоратчи ва Аллоҳ йўлида мужоҳид бўлганлар. Шунинг учун: “Ризқим найзамнинг соясида”, деганлар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарда ризқ талабида юришни яхши кўрардилар ва: “Парвардигор, умматимнинг саҳарига барака бергин”, дер эдилар.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳикоя қилади:
“Бир куни иш излаб Мадина кўчасига чиқдим. Маҳаллалардан бирида лой учун тупроқ уйиб қўйган аёлни кўрдим. Унга ҳар бир челак эвазига бир хурмо беришга келишиб, сув ташидим. Ўн олти челак сув билан тўлдирдим. Ҳатто қўлларим қизариб кетди. Сўнгра келиб, аёлга кафтимни очиб тутдим. У менга ўн олти дона хурмо санаб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб келдим ва воқеани айтиб бердим. У киши мен билан бирга хурмо едилар”.
Ҳакимлар касб-ҳунар борасида бундай деганлар:
“Эй оталарининг жигаргўшалари, ҳунар эгалланглар, қўлингиздаги бойлик, мол-дунёга суянманглар. Кимки бойликка суянса, ҳунар ўрганишдан қолиб кетади ва оқибатда ҳалок бўлади. Билингларки, албатта, олтину кумуш қийинчиликлар манбаидир. Уни юлғич юлиб олмаса ҳам, соҳибининг ўзи исроф қилади. Аммо ҳунарга келсак, у суви қочмас қудуқ ёки экинини ҳалок қилмайдиган ҳосилдор заминдир. Касб-ҳунар эгаси молини йўқотса ҳам хафа бўлмайди, чунки касб-ҳунарида мол-дунё бор.
Аммо кимнинг ҳунари (касби) бўлмаса, унга албатта, бир куни хорлик, фақирлик етади”.
Ҳикматларда айтилганки: “Ҳунари бўлган одам фақирлик балосидан омондадир”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм