Мақолалар

Умра: аёлларга тавсиялар

Чоп этилди May 7, 2020 Умра: аёлларга тавсияларda fikr bildirishni o'chirish

Байтуллоҳни зиёрат қилиш – ҳар бир мўмин ва мўминанинг орзуси. Муборак заминда қилинадиган ибодатлар гуноҳлардан покланиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор қилади. Бундай бахтга ҳаж ёки умра амалларини адо қилиш билан эришиш мумкин. Аллоҳ таоло: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!” дея марҳамат қилган (Бақара сураси, 196-оят).

Умра улуғ ибодат бўлиб, унга мақтаниш, обрў орттириш ёки бошқа дунёвий мақсадларда бориш асло ярамайди. Зеро, у – камтарона ва хокисорлик билан бажариладиган ибодат.

Умра сафарига отланган аёллар қуйидагиларга риоя қилиши лозим:

– аввало, умрани ният қилган киши, бу муборак сафардан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини исташи керак;

– умра қилувчилар учун мўлжалланган рисола ва қўлланмалар билан яқиндан танишиб чиқиш. Чунки умрада бошқа ибодатларда учрамайдиган қонун-қоидалар ва тақиқлар мавжуд;

– сафар олдидан зиммасидаги молиявий қарзларни ва ношаръий йўллар билан мулкига кириб қолган нарсаларни эгаларига қайтариш. Агар қўлида бировнинг омонати бўлса, уларни ва бошқа олди-бердиларини ёзиб қолдириш;

– бировларга қўли, тили ёки бошқа йўллар билан озор етказиб, ноҳақликлар қилган бўлса, узр сўраб, уларни рози қилиш. Бошқаларнинг ўзига етказган озору азиятларини афв этиб, қалбида ҳеч кимга нисбатан гина-адоват қолдирмаслик;

– гуноҳларига астойдил тавба-тазарру қилиб, уларни қайта қилмасликка аҳд қилиш;

– сафарга аталган маблағ фақат ҳалол йўл билан топилган бўлиши;

– умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса, шифокорлар маслаҳати билан насл ва соғлиққа салбий таъсир этмайдиган дорилар ёрдамида ҳайзни кечиктириб туриш мумкин;

– сафар давомида гуноҳларнинг ошкораю махфийсидан, амалию маънавийсидан сақланиш;

– атрофидагиларга нисбатан раҳм-шафқатли, кечиримли ва хушмуомалада бўлиб, улардан етадиган озорларга чиройли сабр қилиш ҳамда

– сафар чоғида ҳамроҳларига, айниқса, кекса ёки беморларга қўлидан келган ёрдамини аямаслик;

– талбияни ўзи эшитадиган даражада паст овозда айтиш;

– шахсини тасдиқловчи ҳужжат (бейжик) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни доим ёнида олиб юриш;

– меҳмонхонадан ташқарига чиқиб кетаётганда, калитни топшириб кетиш;

– масжидда қолмоқчи бўлса, бу ҳақда элликбошини огоҳлантириб қўйиш;

– кечаси ёлғиз юрмаслик, ҳеч бўлмаса камида уч киши бўлиб юриш, уловга миниш зарурати туғилганда, фақат давлатнинг расмий таксиларидан фойдаланиш;

– адашиб қолган пайтда саросимага тушмай, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш;

– аёллар тавоф ҳамда Сафо ва Марва саъйи асносида югуришмайди;

– бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олишдан эҳтиёт бўлиш;

– ибодатларни адо этишда бошқа мазҳабдагиларга эътироз ёки тақлид қилмаслик;

– умра амаллари ниҳоясида, сочларини бир бармоқ бўғими миқдорида қисқартириш;

– ҳамма ерда топилиши мумкин бўлган тасбеҳ, жойнамоз каби нарсаларни меъёрдан ортиқ олмаслик;

– зиммасидаги фарз-вожиб амалларни, хусусан, намоз ва умра амалларини ўз вақтида тўлиқ адо этиш;

– сафар давомида зикр, дуо, Қуръон тиловати ва салавотларни кўпайтириш. Махсус дуоларни қилиб юриш мақсадга мувофиқ;

– имкон қадар солиҳ ва илмли кишиларга ҳамроҳ бўлиш;

– гуруҳ раҳбарлари, элликбошиларга итоатда бўлиш;

– сафардаги тартиб-қоидаларни бузмаслик.

Умра қилаётган аёл эҳромдалик вақтида қуйидаги ишлардан сақланиши шарт:

– бўёқ ва хушбўй ҳид таратувчи атир, совун, шампунь каби воситалардан фойдаланиш. Ҳаммом учун мўлжалланган гель, лосьон, сочлар учун бальзам, терига суртиладиган кремлар ҳидсиз бўлиши шарт. Зиёратчи ишлатиши жоиз бўлган совунлар Маккада сотилади. Тиш пастаси ўрнига эса мисвокдан фойдаланилади;

– тирноқ ва тукларни олиш. Унинг ҳар қандай тури тақиқланади. Ҳар бир тушган тук учун жарима белгиланган. Бундан сақланиш учун сочларни ўриб ёки маҳкам боғлаб олиш керак;

– талбияни баланд овозда айтиш. Бу атрофдаги бегона эркакларни эътиборини тортиши мумкин;

– мийқотдан эҳромга кирилгач, юзни ниқоб билан тўсиш, қўлларга қўлқоп кийиш;

– зиёрат давомида сочларнинг кўриниб қолиши, айниқса, ибодат амаллари тугаб, сочлар қисқартириладиган пайтда;

– аёллар жамоасини тарк этиш, чунки тиқилинч пайтда эркакларга аралашиб қолиши мумкин;

– Ҳарам ҳудудидаги ўсимликларни синдириш ёки юлиш;

– Ҳарам ҳудудида бирон жониворни ўлдириш ёки шу ишни қилувчига ёрдам бериш, ҳатто ишора билан бўлса ҳам;

– Масжидун Набавийда масжид деворлари ва ҳужра панжараларини силаб тавоф қилиш.

Эслатма: Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия айтиб, эҳромга кираверади. Сафо ва Марвада саъй қилиши, салавот, дуо ва тасбеҳлар айтиши мумкин. Лекин тавоф, намоз, Қуръон тиловати каби ишларни қилмай туради. Агар шу ҳолатда тавоф қиладиган бўлса, гуноҳкор бўлади ва тавофи эътиборга олинмайди. Ҳайздан пок бўлгач, тавофни қайта бажариши шарт. Агар қайта тавоф қилмай, кетиб қолса, ватанидан туриб, Ҳарамда бир мол ёки туяни қурбонлик қилдириш билан эҳромидан чиқиши мумкин, акс ҳолда эҳромдан чиққан бўлмайди.

Манбалар асосида Абу УМАР тайёрлади

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан