Баракаси кўп бўлган онамиз
Бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишлаш лозим. Зеро, бўш вақт яхши ишлар билан банд этилмас экан, албатта, ўрнини ёмон ёки фойдасизлари тўлдиради. Келинг, ҳозир ўзи ҳам, умри ҳам баракали аёл ҳақида суҳбатлашамиз. Қаҳрамонимиз қатъиятли, обида, зокира, кўп рўза тутувчи, кўп намоз ўқувчи, саховатпеша бўлиб, Ойша онамиз розияллоҳу анҳо у ҳақда: “Мен ўз қавмига ундан кўра баракаси кўпроқ аёлни билмайман”, деб марҳамат қилган (Имом Аҳмад ривояти).
Бани Мусталақ ғазоти ҳижратнинг бешинчи йили, шаъбон ойида бўлиб ўтди. Ўшанда Набий алайҳиссаломга Ҳорис ибн Абу Зурора бошлиқ Бани мусталақликлар мусулмонларга қарши бош кўтаришгани хабари етди. Икки томон ўртасидаги жанг Бани Мусталаққа тегишли қудуқларнинг бири – Мурайсеънинг атрофида юз берди. Жангда ўлим топганлар орасида Ҳорис ибн Абу Зуроранинг куёви, Барранинг турмуш ўртоғи Мусофеъ ибн Сафвон ҳам бор эди.
Жангда мусулмонларнинг қўли баланд келгач, Бани Мусталақнинг ёш болалари билан аёллари асир олинди. Ҳорис ибн Абу Зуроранинг қизи Барра ҳам асирлар орасида эди.
Воқеанинг давомини Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан тингласак: «Бани Мусталақнинг асир тушган болалари келтирилди. Улар орасида Барра (Жувайрия) бинти Ҳориса ҳам бўлиб, у тақсимотда Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг улушига тушган эди. Барра ўзини озод қилиш учун Собит ибн Қайс билан келишув тузди.
Барра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан битим ҳақини адо этиш учун ёрдам сўраб келди, сўнг бундай деди: “Ё Расулуллоҳ, мен Бани Мусталақ саййиди Ҳорис ибн Абу Зуроранинг қизи Барраман. Бошимга бало етди. Собит ибн Қайснинг тақсимотига тушдим. Ўзимни озод қилишга келишдим. Келишувни адо этиш учун ёрдам берсангиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга бундан ҳам яхши нарсани таклиф этаман”, деб айтдилар. Барра: “Ё Расулуллоҳ, у нима экан?” деб сўради. “Аҳдлашувни мен адо этаман ва сенга уйланаман”, дедилар. Барра рози бўлди.
Бани Мусталақ ғазотидан уч кун илгари Барра Ясриб томондан чиққан ой келиб унинг бағрига кирганини туш кўрган эди. У тушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгунларига қадар ҳеч кимга айтмади. Асир тушганида эса, тушининг ўнгидан келишини орзулади. Набий алайҳиссалом уни озод этиб, уйланганларидан кейин бу тушини амакисининг қизларидан бирига сўзлаб, Аллоҳ таолога ҳамд айтди.
Бу орада мусулмонлар ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Барра бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога никоҳланганлари хабари тарқалди. Шундан кейин одамлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуда бўлган тараф одамларини қул қилиб бўлар эканми?” деб, асирларини озод қилиб юборишди. Барранинг баракотидан қавмдошларидан юз киши эркинликка чиқди. Қабила бутунлигича Исломни қабул қилди» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муҳтарама онамизга ҳижратнинг бешинчи йили никоҳландилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Барранинг исмини “Жувайрия”га ўзгартирганлар (Имом Аҳмад ривояти). Бу вақтда онамиз йигирма ёшда эди.
Жувайрия бинти Ҳориса онамиз розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолони кўп зикр қиларди. Келинг, бу ҳақдаги ривоятни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан тинглаймиз: «Кунларнинг бирида Набий алайҳиссалом бомдод намозини ўқиб бўлгач, уйдан чиқаётиб онамизнинг ёнидан ўтдилар. Бу вақтда у намозгоҳида тасбеҳ ўгириб ўтирарди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом куннинг ярмидан кейин яна унинг ёнгинасидан ўтдилар. Онамиз ҳануз зикр билан машғул эди. Буни кўриб у зот алайҳиссалом: “Ҳали ҳам шу ҳолатда ўтирибсанми?” дедилар. Онамиз: “Ҳа”, деб жавоб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен айтишинг мумкин бўлган калималарни ўргатайми?” дея ушбуларни таълим бердилар: «Субҳаналлоҳи адада холқиҳи (уч марта), Субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи (уч марта), Субҳаналлоҳи зината Аършиҳи (уч марта), Субҳаналлоҳи мидаада калимаатиҳи (уч марта)» (Имом Термизий ривояти). Маъноси: «Аллоҳга махлуқотлари ададича, Унинг Ўзи рози бўладиганча, Аршининг оғирлигича ва калималарининг оғирлигича поклаш ва ҳамд бўлсин».
Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо бундай дейди: «Жума куни Набий алайҳиссалом ёнимга кирганларида рўзадор эдим. Мендан: “Кеча рўзадормидинг?” деб сўрадилар. “Йўқ”, деб жавоб қилдим. У зот алайҳиссалом: “Эртага ҳам рўза тутишни истайсанми?” деб сўрадилар. Мен яна: “Йўқ”, дедим. Набий алайҳиссалом: “У ҳолда рўзангни оч”, дедилар».
Бир куни онамиз розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломга: “Ё Расулуллоҳ, бу болани озод этмоқчиман”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Балки уни аъробийлар орасида яшовчи акангга бер. Қўйларига чўпонлик қилади. Мана шу ишингнинг ажри сен учун кўпроқ бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
Яна бир ривоятда Жувайрия онамиз Набий алайҳиссаломга: «Аёлларингиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга фақат чўрилари бўлганинг учун никоҳланганлар”, дейишмоқда, деганида у зот алайҳиссалом: “Сен учун энг кўп маҳр бермадимми? Қавмингдан қирқ кишини озод этмадимми?” деб таскин берганлар» (Имом Муслим ривояти).
Онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан оз бўлса-да, мазмунли умр кечирди. Таълим олишдан ташқари, уни тарқатиш масъулиятини ҳам ҳис этди. Набий алайҳиссаломдан бир нечта ҳадис ёд олди. Бу кишидан Ибн Умар ва Ибн Аббос, Убайд ибн Сабоқ, Мужоҳид ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.
Жувайрия бинти Ҳориса розияллоҳу анҳо Муовиянинг халифалик давригача Мадинаи мунавварада яшади. Ҳижрий эллик олтинчи йили, рабиул аввал ойида Мадинада вафот этди. Унинг жанозасини Мадина волийси Марвон ибн Ҳакам ўқиди. Бақиъ қабристонига дафн этилди.
Манбалар асосида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Пошшахон ЭШОНХОН қизи тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 1-сонидан