“Илм келмайди, илм учун борилади”
Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид Мадинаи мунавварага сафар қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларига қараб юриб борган эди, шогирдларига дарс бериб турган Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ уларни кутиб олди.
Ҳорун ар-Рашид Имом Молик ҳазратларига:
– Илм ўргангани ҳузурингизга келсак, кўпчиликнинг тинчини бузамизми деган андешадаман. Шунинг учун бизнинг ҳузуримизга бориб дарс бермайсизми? – деди.
Имом Молик:
– Эй Ҳорун, илм келмайди, илм учун борилади, – деди.
Ҳорун ар-Рашид:
– Тўғри айтдингиз, албатта сиздан илм олгани масжидга келаман, – деди.
Шунда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ:
– Мабодо дарсга кечиксангиз, биринчи сафда ўтиришингиз учун бир талабани турғизиб жой қилиб бермайман, – деди.
Ҳорун ар-Рашид:
– Тушундим, Имом жаноблари, – деди.
Аср намозидан сўнг Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ масжидда талабаларга дарс бериб ўтирган эди, Ҳорун ар-Рашид атрофида бир неча кишилар билан кириб келди. Хизматкорлар Ҳорун ар-Рашид учун бир курси келтирдилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ курсида ўтирган Ҳорунга қараб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки Аллоҳ учун камтарлик қилса, унинг даражасини кўтаради. Кимки такаббурлик қилса, уни хор қилади”, деди. Ҳорун ар-Рашид ўрнидан сапчиб туриб курсини олиб ташлашни буюрди-да, бошқа талабалар қатори ерга ўтириб олди.
Ушбу воқеа буюкларнинг олимларга нисбатан ҳурмати ва итоати қанчалик баланд бўлганини кўрсатиш баробарида уларнинг ўта камтар инсон бўлганликларига ҳам яққол далилдир.