Мақолалар

Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилиш

Чоп этилди Iyun 3, 2020 Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилишda fikr bildirishni o'chirish

 “Силаи раҳм” халқимиз орасида кенг тарқалган ибора бўлиб, аслида арабчадан кириб келган. Халқ ичида у қариндошлик риш­таларини ўрнатиш маъносида тушунилади. Имом Нававий буни қуйидагича таърифлайди: “Силаи раҳм, инсоннинг имконият­ла­ридан ва муҳтожнинг ҳолатидан келиб чиқиб, бири иккинчиси­га эҳсон-ёрдам қилишидир. Бундай ёрдам хизмат қилиш, зиёрат этиш каби моддий ва маънавий кўринишларда бўлиши мумкин”.

Ибн Абу Жамра айтади: “Силаи раҳм молдунё билан ёрдамлашиш, ҳожатни адо этиш, зарарни аритиш, очиқ юз билан қараш ва яхши дуо қилиш билан бўлади”.

Ушбу таърифлардан тушунилишича, бир кишининг ўз яқин­ларига хоҳ моддий, хоҳ маънавий йўл билан фойдаси тегадиган, кўнглини кўтарадиган ишни қилиши силаи раҳмдир.

Ибн Мунзир эса силаи раҳмни бундай тушунтиради: “Силаи раҳм насаб ва қудаандачилик жиҳатидан боғлиқ кишига яхшилик қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш, уларга мулойим бўлиш ва аҳ­волларини сўраб туришдир”.

Силаи раҳмга бундай маъно бериш кўпроқ унинг луғавий ва истилоҳий жиҳатларини жамлаш-мувофиқлаштириш туфайли келиб чиққан. Чунки “раҳм” сўзи араб луғатида бачадон, қарин­дошлик маъноларида ишлатилади. “Сила” сўзи эса боғлаш маъносида. Демак, “қариндошликни боғлаш”нинг маъноси қарин­дош­лик тақозо қилган ишларни амалга оширишдир.

Силаи раҳмнинг ҳукми борасида Қози Иёз бундай дейди: “Силаи раҳмнинг вожиблиги, уни узиш катта гуноҳ экани борасида ихтилоф йўқ. Ҳадиси шарифлар шунга далолат қилади. Бироқ силаи раҳмнинг даражалари турлича бўлиб, баъзилари бошқалари­дан устун туради. Уларнинг энг қуйиси салом беришнинг ўзи билан бўлса-да, қариндошлар билан алоқа боғлаш. Силаи раҳм шахсларнинг ҳолати ва амалнинг турига кўра, вожиб ёки мустаҳаб бўлади”.

Масалан, хасталанган қариндошни зиёрат қилиш вожиб бўлса, ҳурсандчилик кунида ҳурсандчилигига шерик бўлиш учун зиёратига бориш мустаҳабдир.

Уламолар силаи раҳм вожиб бўлишига қуйидаги оятларни далил қилиб келтирган:

 «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга ях­шилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни умумий маъно­да адолат ва эзгу ишларга, шу жумладан, қариндошларга яхши­лик қилишга буюриб, бузғунчилик ва ёвуз ишлардан қайтара­ёт­ган бўлса, қуйидаги оятларда хайрэҳсон ва яхшиликларни ав­ва­ло кимларга қилиш кераклигини баён этмоқда.

«Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрай­ди­лар. Айтинг: “Нимани хайрэҳсон қилсангиз, отаона, қарин­дош­лар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билувчидир» (Бақара, 215).

 «Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Отаоналарга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қа­риндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада яқинларга яхшилик қилишни Ўзига ибодатда бўлиш ва Ўзига ҳеч бир нарсани шерик қилмаслик борасидаги буйруқлари қаторида зикр этмоқда. Маълумки, Аллоҳ таолони қўйиб, бошқа нарсаларга ибодат қилиш Исломда энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, умр давомида қилинган барча солиҳ амалларни чилпарчин қилади ва чин тавбасиз асло кечирилмайди. Демак, ояти каримада зикр этилган шахсларга яхшилик қилиш ҳам шариатнинг энг муҳим талабларидандир. Ким муҳтож ҳолдаги яқинига, хоҳ отаси бўлсин, хоҳ бошқа қариндоши бўлсин, имкони борича ёрдам қўлини чўзмаса, гуноҳкор бўлади. Бу қилмишига қиёматда жавоб беришига тўғри келади. Ушбу ояти карима “намоз, рўзаларимни адо қилиб юрибман-ку, ҳамма ўзи учун ҳаракат қилсин, уларнинг ҳам қўл-оёғи бор, ахир, менинг топганим ўзим учун ҳалол, ўз ҳожатларимга қанча сарфласам ҳам бўлаверади, бировларга ёрдам бериш савобли иш, қилса, катта савоб бўлади, қилмаса, гуноҳи йўқ”, дейдиган кишиларнинг хато ақидаларига қарши очиқ-ойдин раддиядир.

Шунингдек, қариндошларнинг гуноҳ бўлмаган, сизга нисбатан қилган майда озор ва азиятларини кечириб юбориш ва хатоларидан кўз юмиш ҳам силаи раҳм қаторига киради. Силаи раҳмнинг айни шу турини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз шарҳлаётган васиятларида баён қилдилар.

Силаи раҳм қилишга бир неча сабаблар борлиги китобларда зикр этилган. Уларни бирма-бир далиллари билан эслаб ўтсак:

  1. Имон. Инсонни инсонга боғловчи энг кучли сабаб унинг қалбидаги имон-эътиқодидир. Чунки бир инсон сиз ишонган нарсага ишонса, наздингиздаги улуғ нарсаларни – қадриятларин­гиз­ни қадрласа, сиз ёмон кўрган нарсани ёмон кўрса, қисқа қилиб айтсак, қалб истаклари сизники билан бир бўлса, шубҳасиз, бун­дай одамни сиз ҳам ҳурмат қиласиз, унга дўст бўлишга интиласиз, ёрдам қўлини чўзишга тайёр турасиз. Ушбу ояти каримани барча­миз яхши биламиз:

 «Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардир. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот, 10).

 «Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқ, сизлар ерда бузғун­чилик қиласиз ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқалари­нгиз)ни узасиз» (Муҳаммад, 22).

Демак, силаи раҳмни узиш имонсизлик аломатларидан бў­либ, фасод ҳамда бузғунчиликнинг бошланишидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бир қанча ҳа­диси шарифларида мусулмонлар бирбирларида ҳақҳуқуқлари бор­лигини ва уларга риоя қилиш кераклигини баён қилганлар:

Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин учун мўминнинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир. Мўмин мўминнинг биродаридир, уни бе­фарқ ташлаб қўймайди, унга зулм ҳам қилмайди. Тақво бу ерда”, дедилар ва кўкракларига ишора қилдилар» (Имом Аҳмад ва Имом Муслим).

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин ўз ҳаётида мўминларга нисбатан муносабатларида доимий равишда эътибор бериши керак бўлган шариат ҳукм­ла­ри­ни баён қилганлар.

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мўмин мўмин­нинг биродаридир, ўз биродари савдосидан воз кечиб кетмагунича савдосининг устига савдо қилиши, совчилиги устига совчи қўйиши мўмин учун ҳалол эмас» (Имом Муслим).

Ушбу ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлик сабабидан вужудга келадиган силаи раҳмни кесувчи сабабларнинг иккита­си­дан қайтарганлар.

  1. Қариндошлик. Насаб бир бўлиши кишиларни бир-бирла­ри­га боғловчи сабаблардандир. Шубҳасиз, инсон дунё ҳаётида маълум маконда, маълум муддатда турмуш кечиради. У ҳаёти мобайнида бировларнинг ёрдамига муҳтож бўлади ва у ҳам кимларгадир ёрдам қилиши лозим бўлади. Бундай ўзаро ёрдамларнинг, аввало, насаб жиҳатидан қариндошлар ўртасида бўлиши барча инсонлар наздида одат тусига кирган. Қариндошлик ришталарини боғ­лаш, қариндошлар ҳақларига риоя қилиш борасида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Силаи раҳм борасида келган оят ва ҳадисларнинг аксарияти насаб жиҳатидан қариндошлик алоқаларини боғлаш борасидадир.

Ота-она, бобо-буви, ака-ука, опа-сингил, амаки, амма, тоға, хола, жиян ва бошқалар насаб жиҳатидан қариндошлардир. Ислом шариатининг мерос тақсимоти, нафақа вожиблиги каби масалалари насаб жиҳатидан қариндошликка боғлиқдир. Бундай яқинлик қариндошларга ўзаро меҳр-мурувватли бўлишни вожиб қилишидан ташқари, баъзи масъулиятларни ҳам юклайди.

Қариндошлик алоқаларини ўрнатишнинг вожиблигига дало­лат қилувчи баъзи оятларни зикр қиламиз:

 «Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзи­да бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд, 25).

Ушбу ояти каримада қариндош-уруғчиликни узиш Аллоҳ таоло билан тузилган аҳдни бузиш ва ер юзида буз­ғунчилик қилиш гуноҳлари билан бир қаторда зикр қилинган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндош-уруғчилик ришталари­ни боғлашингиз учун насабларингизни ўрганинглар. Чунки силаи раҳм аҳли оилага муҳаббат, молдунёнинг кўпайиши ва умрнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади”, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифда бево­си­та ҳар бир мўминга ўз насабини билиши кераклиги уқти­рил­моқда. Наслнасабни билишдан кўзланган мақсад қарин­дош­лар билан алоқалар ўрнатиш, уларга ёрдам беришдир, улар би­лан фахрланиш ва шуҳрат қозониш эмас.

Ўзбек халқи азалдан қариндошуруғчилик, маҳаллакўйчи­лик муносабатларини маҳкам тутади. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам онадеган мақол халқимиз орасида бежиз тарқалмаган. Ушбу ришталарнинг намуналарини халқимизнинг ҳашар, тўй, ҳайит ва таъзия каби маросимларида яққол кўришимиз мумкин. Бир инсон ёлғиз ўзи қилолмайдиган кўплаб ишларни маҳаллакўй ёрдамида ҳашар йўли билан амалга оширади. Тўйҳашамлар қа­риндошуруғ ва маҳаллакўйнинг иштирокисиз ўтмайди. Таъзия маросимларига бормаслик эса халқ орасида кечириб бўлмайди­ган айб ҳисобланади.

  1. Эмикдошлик. Чақалоқ ўз онасидан бошқа аёлни эмиши билан ўша аёл унга она, аёлнинг эри ота, фарзандлари эса акаука ва опасингилларга айланади. “Разоатнинг луғавий маъноси эмиш бўлсада, шариат китобларида ушбу сўз келса, одатда бегона аёлни эмиш назарда тутилади. Бегона аёлни эмиш ортидан жуда кўп шаръий ҳукмлар келиб чиқади. Бироқ эмикдошлик ҳукмларининг собит бўлиши учун эмишнинг ҳолати ва эмаётган пайтда гўдакнинг ёши эътиборлидир. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳабида икки ярим ёшгача бўлган гўдак эмса ва гўдакнинг қорнига аёлнинг сути кирса, эмикдошлик ҳукмлари собит бўлади. Ойша (розиял­ло­ҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Туғиштуғилиш орқали кимлар маҳрам бўл­са, эмишэмизиш орқали ҳам ўшалар маҳрамга айланади, деди­лар». Содда қилиб айтадиган бўлсак, бир гўдак онасидан бошқа бир аёл­ни эмиши, сутидан озиқланиши билан ўша аёлнинг фарзан­ди­га, оила аъзосига айланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) туғилган даврларида арабларда чақалоқларни онасидан бошқа аёлларга эмизишга бериш одат тусига кирган эди. Шу жумладан, Сарвари олам ҳам ўз оналаридан бошқа яна уч аёлни эмганлар. Улар Ҳалима Саъдийя, Умму Айман ва Сувайба. У зот (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам)нинг сут оналарига қанчалик ҳурматэҳ­ти­ром кўрсатганлари ҳақидаги ривоят сийрат китобларида кўп кел­тирилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эмик­дош сингилларига кўрсатган мурувватлари ҳақидаги кичик бир воқеани эслаб ўтсак:

Ҳунайн ғазотида асирга тушганлар сони олти минг эди. Улар ичида бир аёл мусулмонларга: “Мен соҳибингизнинг опаси бў­ламан”, деди. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб келишди. У: “Эй Муҳаммад, мен сенинг опангман”, деб ўзини таништирди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлни танидилар ва ўрниларидан туриб, ридоларини ер­га тўшадилар ҳамда қувонч кўзёшларини тия олмай, анча йиғ­ладилар. Анча суҳбатдан сўнг у имон келтирди, Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларида йўқ хурсанд бўлдилар. Дийдорлашув ниҳоясида аёлни жуда кўп совға-саломлар билан уйи­га кузатиб қўйдилар. У аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)­га гўдакликларида меҳр кўрсатиб, энагалик қилган Ҳалима Саъдийянинг қизи Шаймо эди. Баъзи ривоятларда ушбу воқеа­да Шаймо билан бирга унинг онаси Ҳалима ҳам келган, дейил­са, баъзиларида ҳар қайси алоҳида келган, дейилади. Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни эмизган она­лари ва эмикдош опалари абадий саодатдан насибадор бўл­ди. Шу ўринда эслаб ўтиш зарур, Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан кенгаш қилиб, Ҳунайнда қўлга туш­ган барча асирларни озод қилдилар.

Эмикдошлик ортидан инсонлар ўртасида меҳр-оқибатларга сабаб бўладиган алоқаларнинг вужудга келиши динимиз талаби экан, халқимиз бу борада ҳам ҳар соҳада кузатилганидек, бошқа халқларга намуна бўла олади.

Силаи раҳм нафақат Ислом дини, балки Аллоҳ таоло олдин нозил қилган бошқа китобларнинг ҳам энг муҳим талабларидан бўлган. Бунга Қуръони каримнинг ушбу ояти гувоҳлик беради:

«Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина си­ғинасиз, отаона, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз сўзланг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, эй Ис­ро­ил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз (ушбу аҳддан) юз ўгирдингиз» (Бақара, 83).

Ушбу ояти карима маъносидан бошқа қавмларда ҳам силаи раҳм шаръий талаб бўлгани кўринади.

Силаи раҳм мавзуида хулоса қиладиган бўлсак, осон ва енгил амаллар билан бўлсада, силаи раҳмни ўрнатган киши оятларда қораланган кимсалар қаторига кирмайди. Бироқ зиммасига во­жиб бўлган, ўзи қодир бўлган силаи раҳмни тўлиқ амалга оширма­са, у динимиз талаб қилган амални адо этган бўлмайди, балки оятҳадисларда огоҳлантирилган кишилар тоифасига кириб қолади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм