Саудия Арабистонида 21 июндан комендантлик соати бекор қилинди
Саудия Арабистони ички ишлар вазирлиги 23 мартда коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган комендантлик соати бекор бўлишини маълум қилди.
«21 июнь эрталаб соат 6:00дан дан мамлакатнинг барча ҳудудларида комендантлик соати амал қилиши тўхтатилади», – дейилади ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Баёнотда айтилишича, қиролликда санитар-эпидемиологик чораларга қатъий амал қилиниши лозим бўлади. Ҳукумат фуқароларни «ижтимоий масофа сақлаш, оғиз ва бурунни ёпиб турадиган ниқоб тақиш ҳамда 50дан ортиқ киши тўпланадиган йиғилишлар ўтказмаслик»ка чақирмоқда. Қайд этилишича, ушбу тартибга амал қилмаганлар жазога тортилади.
Ҳукумат хорижга саёҳат қилиш ва зиёратларга қўйилган тақиқларни ўз кучида қолдирган.
Ҳозирча Маккага Ҳаж зиёратларни амалга оширишга рухсат қачон берилиши номаълум.
Саудия ҳукумати иқтисодий ва савдо фаолиятига нисбатан жорий этилган барча чекловларни олиб ташламоқда. 21 июндан давлат муассасалари ва хусусий компанияларга иш бошлашга рухсат берилди.
Шу билан бирга, қиролликнинг денгиз ва қуруқлик чегаралари ёпиқлигича қолади.
Қироллик соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, Саудия Арабистонида бир суткада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 4757 та ҳолат қайд этилган. Мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 155 мингга яқинлашиб қолган, ҳозирга қадар 1,2 мингдан ортиқ одам COVID-19 қурбонига айланган.