Мақолалар

Ихлос мақоми

Чоп этилди Iyul 6, 2020 Ихлос мақомиda fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос зикр қилинган. Зумар сурасида бундай марҳамат қилинади:

“Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолда ибодат эт. Огоҳ бўлингки, холис дин Аллоҳникидир” (Зумар сураси, 2 – 3-оятлар).

Бир ҳадиси қудсийда:

“Ихлос менинг сиримдан бир сирдир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, уни ўшанинг қалбига жойлаганман”,дейилган.

Мусъаб ибн Саъд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ ушбу умматга заифлари сабабидан нусрат берур. Уларнинг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабидан”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

“Ихлос” сўзи луғатда “тозалаш”, “халос бўлиш” маъноларини билдириб, бир нарсанинг кир ва нуқсонлардан холи бўлишига айтилади.

Омма ўртасидаги ихлос, мухлис сўзлари анча тор шаклда – бирон кишига муҳаббат қилиш, ишониш маъносида ишлатилади.

Руҳий тарбия устозлари уни қуйидагича таърифлашган:

Кафавий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ихлос ибодатга сазовор Зотнинг ёлғиз Ўзини ибодат ила қасд қилишдир”, деган.

Муҳаммад Абдуррауф Муновий: “Ихлос қалбни унинг мусаффолигини кетказувчи нарсадан халос қилишдир”, деб таърифлаган.

Абу Али Даққоқ айтади: “Ихлос қалбни одамлар фикридан халос қилишдир. Ихлосли кишида риё бўлмайди”.

Ҳузайфа Мариший айтади: “Ихлос кишининг амаллари зоҳирда ҳам, ботинда ҳам бир хил бўлишидир”.

Сарий Сақатий айтади: “Ким одамлар учун ўзида йўқ нарса (фазилат) билан ўзини зийнатлаб кўринса, Аллоҳ таолонинг назаридан қолади”.

Фузайл ибн Иёз бундай дейди: “Одамларни деб амални тарк қилиш риёдир. Одамлар учун амал қилиш ширкдир. Иккисини тарк қилиш ихлосдир”.

Жунайд Бағдодий айтади: “Ихлос Аллоҳ ва банда ўртасидаги сирдир. Фаришта савобини ёзолмайди. Чунки билмайди. Шайтон ўртани буза олмайди. У ҳам билмайди. Ҳавои нафс ҳам ўз йўлига торта олмайди”.

Саҳл ибн Абдуллоҳдан нафс билан курашда энг кучли нарса нима, деб сўрашди. Саҳл ибн Абдуллоҳ: “У ихлосдир. Чунки ихлос бор жойда ҳавои нафсга насиба йўқ”, деб жавоб берди.

Исмоил ибн Абу Ҳотим Макҳул раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб айтади: “Банда қирқ кун ихлос қилса, унинг қалби ва тилидан ҳикмат булоқлари отилиб чиқади”.

Абу Усмон Дороний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда ихлосли бўлса, васваса кўплиги ва риёдан халос бўлади”.

Нафсни поклашда ихлос мақомининг ўрни жуда катта. Чунки амаллар ихлоссиз қабул қилинмайди. Ихлос ибодат, ният, амал ва бошқа барча нарсаларда шартдир.

Ихлос мақомида бандалар уч даражага бўлинади:

1. Авомнинг ихлоси. У Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариб дунё ва охират неъматларини талаб қилиш.

2. Хосларнинг ихлоси. У Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариб, фақат охират неъматларини сўраш.

3. Хосларнинг хосининг ихлоси. Халқнинг муомаласидан халқни, дунёвий ва ухровий насибаларни чиқариш. Фақатгина Ҳақ таолонинг жамолини исташдир.

Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариш деганда барча амалларини риёдан холи қилиш тушунилади. Шунингдек, одамлар нима дейди, деган фикрларга ҳам чалғимаслик, фақат Аллоҳ таоло учун ибодат қилишдир. Бу буюк мақомга эришганлардан бири Робиятул Адавия: “Раббим, Сенга дўзахингдан қўрқиб ибодат қилсам, мени унга киритгин. Агар жаннатингни истаб ибодат қилсам, мени унга киритмагин”, деган. Бу билан у неъматларнинг олийси – Аллоҳнинг жамолини қасд қилган.

Ихлосга халал берувчи омиллар:

  •  Банданинг амали билан мағрурланиши;
  •  Амалига эваз талаб қилиш;
  •  Амалидан рози бўлиб, у сабабли ғурурга кетиши.

Абу Усмон Мағрибий айтади: “Ихлосли кишининг ихлосидаги нуқсон ихлосини кўришидир. Агар у Аллоҳ таолонинг Ўзинигина истаса, ўзидан ихлосида ихлос кўришни кетказади”.

Зуннун Мисрий айтади: “Ихлос сидқ (ростгўйлик)сиз тугал бўлмайди. Ихлоснинг аломати учта: унга инсонларнинг мақташи ҳам, ёмонлаши ҳам бирдай бўлиши; қилган амалларда амални кўришни унутиш ва охиратдаги савоб амаллар мукофотини унутишдир.

Яъни, киши қилган ишларига қараса, солиҳ амалларни кўряпти. Шунда ўзидан ажабланиш пайдо бўлиши мумкин. Ёки охиратда мукофот ваъда қилинган амални ўшанга етиш учунгина қилиш ихлоснинг тугаллиги эмас экан. Шунинг учун ҳам машойихлардан бири: “Ихлос амалларга эваз талаб қилмасликдир”, деган.

Сусий раҳимаҳуллоҳ “Ихлос – ихлоснинг зоҳирини йўқотишдир. Ким ўзининг ихлосида ихлосни кўрса, унинг ихлоси ихлосга муҳтождир”, деган.

Демак, банда ўзида ихлос аломатларини кўрса, ҳали ихлосли бўла олмабди.

Аллоҳ таолодан бизларни мухлис бандаларидан қилишини сўраймиз.

“Рисолатул қушайрия”, “Руҳий тарбия” китоблари асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 9-сонидан