Японияда нутқни матнга айлантириб берадиган ниқоб яратилди
Япониянинг Donut Robotics компанияси оғзаки нутқни матнга айлантириб берадиган ва саккиз тилга таржима қила оладиган, C-Face деб аталувчи ниқоб яратди, дея хабар бермоқда “РИА Новости”.
“Пандемия бошланганидан бери одамлар ҳимоя ниқобини тақишяпти ва шу туфайли баъзи ноқулайликларга дуч келишмоқда. Ўзим ҳам январь-февраль ойидан бери шундай яшаяпман ва ниқоб мулоқотни қийинлаштиришини кўрдим. Одамлар бир-бирини эшитмаяпти. Мен тиббий ниқобдан воз кечмаган ҳолда ноқулайликлардан технология ёрдамида халос бўлиш ҳақида ўйладим. Яъни кашфиётга коронавирус билан боғлиқ вазият туртки берди”, – дейди компания раҳбари Тайсукэ Оно.
C-Face тиббий ниқобнинг ўрнини босмайди, балки унинг устидан тақилади. У ҳатто бир-биридан ўн метр узоқликда бўлган одамларнинг мулоқот қилишига имкон беради. Ниқобга микрофон ўрнатилган, нутқ ана шу микрофон орқали Bluetooth ёрдамида смартфон ёки компьютерга матн кўринишида етиб боради. Ақлли ниқоб жами саккиз тилга, жумладан, инглиз, хитой, корейс, испан тилларига таржима қила олади.
Тайсукэ Оно айтишича, C-Face ниқобига ўттиз мамлакатдан буюртмалар келиб тушган. Ниқобнинг нархи 4400 иена – қарийб 40 АҚШ доллари.