Ислом ва иймон
Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида Умар розияллоҳу анҳудан бир ҳадисни ривоят қилиб келтиради. Бу ҳадис “Жаброил ҳадиси” номи билан машҳурдир. Унда Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, саҳобаларнинг кўз ўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан динга оид бир қанча саволларни беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жавоб қайтарадилар. Жумладан, Ислом ҳақидаги саволга шундай деб жавоб берадилар:
“Ислом бу Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик бериш, намозни ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва йўлга қодир бўлса, Байтни тавоф (ҳаж) қилишдир”.
Жаброил алайҳиссалом иймон ҳақида хабар беришни сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Иймон – ) Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтириш”, деб жавоб берадилар.
Шу ерда бир савол пайдо бўлиши мумкин: Ислом билан иймон бир нарса эмасми?
Салафи солиҳлар ва ҳадис аҳли орасида “иймон сўз, амал ва ниятдан иборат бўлиб, амалларнинг ҳаммаси унинг остига киради”, деган қараш машҳурдир. Бу борада саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги авлод ўртасида ихтилоф йўқ. Улар амалларни иймондан ажратилишини қаттиқ инкор қилганлар.
Амалларни иймондан эканига далолат қиладиган бир қанча оят ва ҳадислар бор, жумладан:
«Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир» (Анфол сураси, 2 – 4-оятлар).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга тўрт нарсани буюраман: ёлғиз Аллоҳга иймон келтириш, иймон нималигини биласизларми? Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва тушган ўлжадан хумс (бешдан бир қисми)ни бериш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Иймон етмиш неча ё олтмиш неча қисмдан иборат. Энг афзали – Ла илаҳа иллаллоҳ, деб айтиш ва энг адноси – йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш. Ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлагидир” (Имом Бухорий ривояти).
У ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иймон билан Исломга алоҳида тариф берганларини қандай тушунмоқ керак?
Ҳадисдаги амалларнинг иймон эмас, Ислом номи остига киритилиши алоҳида ва умумий ҳолида ҳам ҳар хил тушунчалар учун умумий бўлган исмлар борлигини кўрсатиб беради. Қачонки ўша исм бошқаси билан бирга келтирилса, у мазкур тушунчаларнинг баъзиларига, бошқаси (бирга келган исм) эса қолган қисмига далолат қилади. Масалан, фақир ва мискин исми шундай: қачонки улардан бири ёлғиз ишлатилса, барча эҳтиёжманд кишиларни ўз ичига олаверади; агар иккиси бирга келтирилса, бири эҳтиёжмандларнинг баъзи қисмини, иккинчиси қолганини ифодалайди.
Ислом ва иймон ҳам шундай исмлардандир: агар улардан бири алоҳида келтирилса, иккиси учун умумий бўлган маънони; агар бирга келтирилса, ҳар бири ўзига хос бўлган маънони билдиради. Қисқача, айтганда Ислом ёки иймон сўзи ёлғиз келадиган бўлса, умумни, ёнма-ён, бирга келадиган бўлса, хусусни ифодалайди. Яъни улар алоҳида келтирилганда иккисининг ўртасида фарқ йўқ, бирга келтирилганида эса фарқ юзага чиқади.
Иккисининг орасидаги фарқ қуйидагича: иймон – қалб билан тасдиқлаш, иқрор бўлиш ва таниш; Ислом – Аллоҳ таолога таслим бўлиб, итоат этиш. Таслим ва итоат амал билан бўлади, мана шу диндир.
«Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида сураси, 3-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитнинг ҳаққига дуо қилганларида шундай дердилар: “Аллоҳим, бизлардан кимга ҳаёт берсанг, уни Исломда тирилтир. Бизлардан кимни вафот эттирсанг, уни иймонда вафот эттир” (Имом Термизий ривояти).
Чунки амаллар аъзолар билан қилинади ва бунга инсон тириклигида қодир бўлади. Аммо вафот чоғида эса қалбидаги тасдиқдан бошқасига ярамайди Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келадиган инсон учун Исломни, кетаётганга эса иймонни сўрадилар.
“Жамиъул улум вал ҳикам” асари асосида
Азизбек Холназаров тайёрлади