Слайдер

Бирлашган ўзади

Чоп этилди Iyul 29, 2020 Бирлашган ўзадиda fikr bildirishni o'chirish

Юртимиз мўмин-мусулмонларининг диний, маърифий адабиётларга бўлган талаблари, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари талаба-ўқувчиларининг дарслик ва қўлланмаларга бўлган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш мақсадида «Мовароуннаҳр» нашриёти йилига 50-60 номда, умумий ҳисобда 450-500 босма табоқ ҳажмида, 1,5-2 миллион нусхадан ортиқ дарслик, диний адабиёт ҳамда даврий нашрларни чоп эттириб келмоқда.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилганига кўп вақт ўтмай “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари” журнали эски ўзбек ёзувида чоп этила бошлади. Кейинчалик унинг чиқиши тўхтаб қолди. 1968 йилга келиб муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ташаббуси билан “Совет Шарқи мусулмонлари” безакли журнал сифатида нашр этила бошланди. У дастлаб ҳар чоракда ўзбек (араб ва кирилл ёзувларида), араб ва инглиз тилларида 3-5 минг нусхада чиққан. Кейинчалик форс, француз, рус тилларида нашр этилиб, собиқ совет иттифоқи ва чет элларда тарқатилган.

Журнал 1991–1995 йиллари “Мовароуннаҳр мусулмонлари”, 1995–1999 йилларда эса “Ўзбекистон мусулмонлари” номи билан чоп этилган. 1999 йил август ойидан “Ҳидоят” номи билан янгича шакл ва мазмунда чиқа бошлади.

 “Ислом нури” газетасининг нишона сони 1990 йилнинг март ойида дунё юзини кўрди. 2008 йилдан буён газетанинг қорақалпоқча иловаси – «Ислам нуры» ҳам чоп этилмоқда.

“Мўминалар” журнали «Мовароуннаҳр» нашриёти раҳбарияти томонидан 2018 йил 5 февралда тасдиқлаган низоми асосида ташкил этилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги нашр ишлари ҳам замон талабларига мос равишда такомиллашиб бормоқда. Жумладан, жорий йил бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташаббуси билан Идоранинг даврий нашрларини, диний соҳа ходимлари асарларини чоп этишни қулайлаштириш, Диний идоранинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида “Шамсуддинхон Бобохонов” номли босмахона таъсис этилди. Унинг ташкил қилинаётгани тўғрисида қарийб икки йилдан буён матбуотда хабар бериб келинади. Жумладан, 2019 йил 19 сентябрда “Муфтий ҳазрат янги қурилиш ишига дуо берди”, 28 октябрда “Муфтий ҳазрат бунёдкорлик ишлари билан танишди” сарлавҳали мақолалар эълон қилинган.

Ушбу босмахонани қуриш, зарур техника ва ускуналар сотиб олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан инвестиция маблағлари йўналтирилди ва янги қуриб битказилган босмахонага замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Натижада мазкур корхона жорий йил бошидан шу кунгача сарфланган харажатларнинг қарийб учдан бир қисмини қоплади. Шунингдек, маблағлар мақсадли сарфланиши орқали молиявий тежамкорликка эришилди.

Янги босмахонани муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари яхши ниятлар билан атоқли олим “Шамсуддинхон Бобохонов” номи билан аташни таклиф қилдилар.

23 июль куни “Мовароуннаҳр” МЧЖ ва “SHAMSUDDINXON BOBOXONOV BOSMАXONASI” MCHJ бирлаштирилиб, уларнинг негизида “SHAMSUDDINXON BOBOXONOV” NMIU ташкил этилди. Бундан мақсадлар кўзда тутилган:

– ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш;

– чоп этилаётган маҳсулотларга нашриёт ва босмахона томонидан икки марта устама нарх қўйилишини бартараф этиш;

– доимий буюртмачилар билан мунтазам ҳамкорликни ўрнатиш;

– штатларни мақбуллаштириш;

– босма маҳсулотлар тайёрлаш ишини тезлаштириш;

– маркетинг ва реклама ишларини жадаллаштириш;

– ҳужжатлар айланмасини соддалаштириш;

– банк хизмат ҳақи ва солиқ юкини қисқартириш;

– нашриёт ва босмахона ўртасидаги ўзаро манфаатлар тўқнашуви борасида юзага келадиган салбий омилларни бартараф этиш;

– молия-хўжалик сарфларини тежаш;

– ЎМИ тизимида фаолият юритаётган соҳа вакилларининг ижодига мансуб маҳсулотларни чоп этиш ишини қулайлаштиришдир.

Бунда “Мовароуннаҳр” нашриёти зиммасидаги барча шартномавий бурч ва мажбуриятлар янги ташкил этилган корхона зиммасида бўлиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида яхши ниятлар билан хўжалик юритувчи корхона сифатида иш бошлаган “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи халқимиз ва динимиз манфаатлари йўлида хизмат қилиб, мазмунли нашрлар билан халқимиз кутубхонаси янада бойишига ҳисса қўшади. Бунинг учун муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида Диний идора томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Зотан, эндиликда тарқоқлик ўрнини бирдамлик эгаллади. Бир ёқадан бош чиқарганлар эса ҳамиша ижобий ютуқларга эришганлар.