Хом гапга пишиқ жавоб. ЯРАТГАН БАНДАНИ СИНАЙДИ
Бандаси дерму сира айлаб хато,
Имтиҳон этдим сени, ё Раббано?!
Ривоятда келишича, бир эътиқодсиз ҳазрат Алига:
– Сени асрагувчи Аллоҳ эканига ишонасанми? – деб савол қилди.
Мўминлар амири:
– Албатта, Аллоҳ таоло менгаю авлодимга, барча мўминларга мададкор, ҳимоя қилгувчидир, – дедилар.
Ҳалиги киши:
– Сўзинг рост бўлиб, Аллоҳ мададкоринг бўлса, мана шу кўшк томидан ўзингни ерга ташлаб, гапингнинг ростлигини исботла, – деб муғомбирлик қилди.
Ҳазрат Али унинг разилона режасини қатъий рад этдилар.
– Ҳеч қачон банда Яратганни синай олмайди, аксинча, Яратган бандани синов қилади, – дедилар.
Ундан кўра, ўз аҳволингга боқиб, феълингни ислоҳ қил, Мурид муршидни имтиҳон этмас. Зероки, Аллоҳ нима қилганимиз, кўнглимизда нима гап, сир-асрор бор, ҳаммасини билиб турувчидир.
Жалолиддин Румийнинг
“Най ноласи”китобидан
