Мақолалар

Кийимимиз бизга зийнат бўляптими?

Чоп этилди Oktabr 16, 2020 Кийимимиз бизга зийнат бўляптими?da fikr bildirishni o'chirish

Кийим – киши маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг кўзгуси. У инсонни иссиқ ва совуқдан сақлайди, авратларини беркитиб, кишига зийнат бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ва уларга зийнат бўладиган турли либосларни бичиш, тикиш тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” дея авратларни ушбу либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Бугун жамиятимиз аъзолари орасида кийиниш маъданиятига бўлган талаб кескин ўзгармоқда. Бу мавзу асосан ёшлар тегишли.

Ўзбек халқи асрлар оша қадрлаб келаётган миллий либослари билан бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда атласу адраслар нозик хилқат вакиллари кўркига кўрк қўшади. Беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларга ярашади.

Бугун маданий қадриятлар глобаллашуви либосларга ҳам ўз таъсирини ўтказгани ачинарли ҳол. Ғарбдан кириб келаётган ажнабий сурат ва турли ёзувлар акс этган кийимларни кўрганда киши ёқа ушлайди. Айниқса, айрим ўсмир йигитлар устидаги либослар ҳар қандай инсонни таажжубга солиши, шубҳасиз.

Кийиниш маданияти борасида буюк мутафаккир ва алломалар ҳам ўз асарларида турли фикр-мулоҳазаларни баён этишган. Сўз мулкининг султони Алишер Навиой “Маҳбуб ул-Қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безаниши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таъкидлаб ўтган.

Шу боис ҳар бир фарзандни тарбиялаб, вояга етказаётган оилаларнинг фарзанд тарбияси ва кийинишга бўлган эътибори муҳим аҳамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланади.

А.Пазлитдинов,

Янгийўл шаҳар бош имом-хатиби