Мақолалар

Савдогар содиқ бўлсин!

Чоп этилди Noyabr 14, 2020 Савдогар содиқ бўлсин!da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ баъзи касбларни бошқаларига нисбатан фазилатли, манфаатли килди. Шу билан бирга, уларнинг шаръий жиҳатлари ва қай йўсинда бажарилса, тараққиёт сари юзланиши, шунингдек, касб эгаси қандай сифатларга эга бўлиши лозимлигини ҳам баён этди. Шундайлардан бири савдогарликдир. Аллоҳ таоло ушбу касбни мақтаб: «Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингизлар» (Жумъа сураси, 10-оят), деб ҳатто тижорат мақсадида сафар қилишга буюрди.

Пандемия шароитида аҳоли ўртасида дори-дармондан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб янада ўсди. Савдогарлар шундай пайтда юртимиз аҳолисига беминнат хизматлар кўрсатиб, халқимиз дуосини олишга муваффақ бўлишмоқда.

Аммо шундай синовли кунларда ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйиб, айрим савдогарлар маҳсулотлар нархини сунъий равишда ошириб, одамларга қийинчиликлар туғдиришмоқда.

Имом Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, деганлар. Демак, савдогар ҳалол, омонатдор бўлиш билан бир қаторда, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмаслиги лозим.

Одамларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиш ўрнига, қимматлаштириш мақсадида дўконни ёпиш гуноҳдир. Жобир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Сотиш, сотиб олиш ва ҳақини талаб этишда бағрикенг, саховатли кишига Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар. Нархни кўтариб, туширмаган, кишиларни машаққатга солган шахс Аллоҳ таолонинг раҳматидан йироқлашади, савдосининг баракаси кетади.

Мўмин ўзга бир мўминга ёрдамга шошилиши, оғирини енгил қилиш пайида бўлиши лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Шариат савдогар молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб белгиламаган. Лекин одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат сотишдан қайтарилади. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотиш жоиз эмас.

Киши бозорда молига ўхшаш мол қолмагани сабаб нархни қимматлаштириши шаръан жоиз. Лекин кимнингдир мажбурлигини билиб, унга қиммат сотиш ёки харидорнинг соддалигидан фойдаланиб, сотувчи нархни ошириб олиши диёнатсизликдир.

Шайх Бани Тамимдан ривоят қилинади: “Али розийаллоҳу анҳу бизга: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажбур киши билан савдо қилиш, алдаб сотиш, етилмаган мевани сотишдан қайтарганлар”, деб хутба қилдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

“Зориққан кишининг сотиши, сотиб олиши фосиддир. Яъни киши таом, ичимлик, кийим ёки ундан бошқаларга муҳтож бўлиб турганда, сотувчи уларни ўз нархидан бир неча бор қимматига сотишга рози бўлиши (зориққанга савдо қилиш дейилади). Шунингдек, сотиб олишда ҳам. “Минаҳ”да шундай дейилган” (“Раддул муҳтор”).

Дорига ёки бирор мевага мухтож қолган киши ёки ўзига керакли нарсанинг урфдаги асл нархини билмайди. Сотувчига мухтожлигини изҳор қилса, сотувчи уни соддалиги ёки муҳтожлигини билиб, нархини баландлатса – диёнатсизликдир. Халқ ўлим билан олишиб турган бир маҳалда ҳар қандай махсулотни белгиланган нархлардан баланд сотиш инсофсизликдир.

Шунингдек, шариатда “Масолиҳул мурсала”, деган қоида мавжуд. Унга асосан баъзи вақтларда, ҳожат тушиб қолганда, нархлар ортиқча кўтарилиб кетмаслигини таъминлаш учун белгилаб қўйиш ҳам жорий қилинади. Бунда одамларга етадиган зарарни даф этиш мақсади бор.

Дунё ва охират сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот ҳам ушбу касб соҳиби бўлганлар. Аллоҳ барчамизни Ўзининг йўлидан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларидан оғдирмасин.

Манбалар асосида Андижон вилояти Бўстон тумани бош имом-хатиби
Бахтиёржон ҚОДИРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан