Бағрикенгликнинг аҳамияти
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Муфассирлар оят мазмунидаги “ўзаро танишишингиз учун” жумласидаги “танишиш”дан мақсад ўзаро ёрдам, яхшиликда ҳамкорлик қилиш ва бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқини таниш ҳамда уларга риоя этиш эканини алоҳида таъкидлаб, асло бир-бирларини инкор этиш, душманлик кўзда тутилмаганини айтадилар.
Имом Абу Довуд, Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа кўплаб муҳаддислар ривоят қилган машҳур ҳадис Ислом таълимотидаги диний бағрикенгликнинг ёрқин ифодасидир: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага буюрса, ёки ундан ўз розилигисиз бирор нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”.
Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган.
Кишилик жамиятининг маънавий камол топишида дин мавқеи, диний қадриятларнинг аҳамияти юқори бўлгани учун ундан турли мақсадларда фойдаланиш ҳоллари кузатилган. Бугун ҳам дин ниқобидаги экстремизм ва фанатизм, халқлар, миллатлар орасида низо чиқариш каби салбий иллатлар учраб турибди.
Бағрикенгликни кенг тарғиб этиш орқали ижтимоий муносабатларда, ёшлар тарбиясида муҳим натижаларга эришиш мумкин. Ислом бағрикенгликка чақиради. Бу ҳол унинг шаръий қонун-қоидалари ва ҳукмларини
жорий этишда енгиллик ва кенгликка катта эътибор қаратишида ҳам яққол кўзга ташланади.
Қуръони карим инсонларни ҳар бир ишда, муомала-муносабатларда чиройли хулқли, кечиримли, бағрикенг бўлишга чорлайди: «Афвни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан эса юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят). Айнан афв, кечиримлилик кишиларга нисбатан муросали бўлиш, бағрикенг бўлишни тақозо этади.
Бир ҳадиси шарифда бағрикенглик имондан экани айтилади. Расулуллоҳдан имоннинг афзали ҳақида сўралганида, у зот “сабр ва бағрикенглик”, деб жавоб берганлар.
Уламолар бағрикенгликнинг қуйидаги кўринишларини санаб ўтишган:
– диёнатидан қатъи назар, мурувватли, карамли бўлишга далолат қилувчи хушфеъллик;
– очиқюзли бўлиш ва самимийлик;
– ростгўй бўлиш ва хиёнатдан йироқ бўлиш;
– инсонларни тўғри йўлга чақиришда узоқни кўзловчи, сабрли бўлиш;
– ҳақиқатга бўйсуниш ва Аллоҳ таолога таслим бўлиш.
Хулоса шуки, ёшлар ўртасида бағрикенгликни шакллантиришда миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган Ислом дини кўрсатмаларига риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Муҳаммадюсуф ХУШВАҚОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
ҳузуридаги малака ошириш маркази ўқитувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 9-сонидан