Дунё янгиликлари

Зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилади

Чоп этилди Yanvar 10, 2021 Зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратиладиda fikr bildirishni o'chirish

“Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олган.

Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси туфайли юз берган глобал инқироз натижасида мамлакатимиз туризми энг жиддий зарар кўрган соҳалардан бири бўлган. 2020  йилда Ўзбекистонга 1 млн 504 минг турист келган, уларга 261 млн долларлик хизмат кўрсатилган.

“2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режалар ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширмоқчимиз, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз”, – деди А.Абдуҳакимов.

2021 йилда Ўзбекистонга 1 млн 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа ишлаб чиқилган. Зиёрат туризмини ривожлантириш концепцияси доирасида дунёга машҳур ислом дини уламолари қўним топган қадамжоларни реконструкция қилиш, мақбараларга сайёҳларнинг кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш йўналишида ишлар олиб борилади.