Ўзбекистон янгиликлари

Уй бекалари ҳам “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин

Чоп этилди Fevral 2, 2021 Уй бекалари ҳам “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкинda fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида давлатимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда ҳозирга қадар кўплаб аёллар мазкур мукофот билан тақдирланди.

“Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг кимларга берилиши ва мавзуга оид бошқа саволлар билан вазирликнинг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи Дилшода Мирзажоновага мурожаат қилдик.

– Дилшода Мухторовна, мамлакатимизда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилишининг ҳуқуқий асоси қандай ва унга кўра бу мукофот кимларга берилиши назарда тутилган?

 “Мўътабар аёл” кўкрак нишони давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида таъсис этилган.

Мазкур қарорга кўра, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланади.

– Мукофотга тавсия этилаётган номзодларни саралаш жараёнлари қандай олиб борилади ва ғолиблар қай тартибда тақдирланади?

 “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб хотин-қизларни аниқлаш ва уларни мукофотлаш тартиби юқорида келтириб ўтилган қарор иловаси сифатида тасдиқланган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони тўғрисидаги Низом” талаблари асосида амалга оширилади.

Ўрнатилган тартибга кўра, кўкрак нишони билан тақдирлашга муносиб хотин-қизлар ҳақидаги дастлабки таклифлар вазирлик ва идораларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича кенгашлари, ҳудудлардаги фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан кўриб чиқилади ҳамда бу ҳақида тегишли қарор қабул қилинади. Мазкур қарор ҳар йилнинг 10 январига қадар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдим этилади.

Кўкрак нишонига тавсия қилинаётган номзодлар ҳақидаги маълумотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилгач, тегишли қарорлар ҳар йилнинг 25 январь санасига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига тақдим этилади. 10 февраль санасига қадар эса мазкур ҳудудий бошқармалар тавсия қилинган номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади ҳамда тегишли йиғилиш қарорларини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига юборади.

Мазкур кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича вазирликда ташкил этилган Махсус комиссия номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ҳамда 20 февралга қадар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳайъати томонидан аниқланган номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича қарор қабул қилинади. “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига тавсия этилаётган номзодлар агар уй бекаси бўлса, яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ижобий тавсифнома билан танловда иштирок этиши мумкин.

Иштирокчилар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига маълумотнома, тавсифнома (ишлаб турган номзодларнинг иш жойларидан тақдим этилади, уй бекаларига фуқаролар йиғинлари томонидан берилади), фото 3-4 ҳажмда (2 дона), паспорт нусхаси, номзод фаолиятини акс эттирувчи маълумотлар, кўргазмали материаллар, номзод фаолиятига оид диплом, сертификат, “Фахрий ёрлиқ” ва бошқа рағбатлантирувчи ҳужжатлар нусхалари (агар мавжуд бўлса) каби ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.

“8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами арафасида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган аёлларга вазирлик раҳбарияти томонидан ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилади. Мукофотланганларнинг тўлиқ рўйхати вазирлик муассислигидаги босма нашрлар ҳамда бошқа тегишли оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

– Кўкрак нишони билан тақдирланган ғолибларни қўшимча рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланганми? Ҳозирга қадар нечта хотин-қизлар бу мукофотга эга бўлган?

 “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган юртдошларимизга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади. Бу пул маблағларини тўлаш Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан амалга оширилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2019 йилда 290 нафар хотин-қиз “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, 2020 йилда 287 нафар аёл мазкур мукофотга лойиқ кўрилган. Мукофот бир шахсга фақат бир марта берилади.

Яна бир маълумот шуки, ўтган йилдан бошлаб мазкур кўкрак нишони оналик, мўътабарлик мақомига муносиб ютуқларга эришган, оиласидаги маърифий муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган 50 ёшдан юқори бўлган аёлларга берилиши белгиланди ҳамда Махсус комиссиянинг йўриқномасига бу ҳақида тегишли ўзгартириш киритилди.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА