Ютуқ ва камчиликлар ўзимизники, янги марраларга интилайлик!
Халқимизда бир эзгу одат шаклланган: йил поёнида ортга бир қур назар ташлаб, амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, йўл қўйилган хато-камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, янги йилга янги режалар билан кириб бориш – муваффақиятларга чорлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларида имом-хатиблар иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, ютуқ ва камчиликларга бағишланган сарҳисоб тадбирлари бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида ўтказилган Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алимардон Қаршиев қатнашди.
– Ўтган йили диний ташкилот ва муассасаларда ўтказилган тадбирларда имом-хатибларимиз ўз маърузалари билан 5533 маротаба иштирок этишди, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров. – “Жаҳолатга қарши – маърифат” эзгу ғояси остида оммавий ахборот воситалари орқали жами 1,5 мингга яқин чиқишлар қилишди. Хусусан, “Ҳидоят”, “Ислом нури” ва бошқа газета, журналларда, интернет сайтларида жами 10451 та мақола эълон қилинди. Шунингдек, маҳалла фаоллари, ҳудуд нозирлари билан ҳамкорликда адашиб диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган ва жазо муддатини ўтаб чиққан ё рўйхатда турувчи минг нафарга яқин фуқаро ва уларнинг оила аъзолари билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиб, зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳисобот даврида эҳтиёжманд оилаларга 2 169 821 600 (икки миллиард бир юз олтмиш тўққиз миллион саккиз юз йигирма бир минг олти юз) сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Бундай ишларнинг кўлами 2021 йилда янада кенгайишига шубҳа йўқ. Чунки хайрли ва савоб амалларни қилиш имомларнинг кундалик аъмолига айланиб кетган.
* * *
Тошкент вилояти вакиллигида ўтказилган йиғилишда ҳам поёнига етган йилда бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда дастлаб яқинда вилоятга бош имом-хатиб бўлиб тайинланган Жасурбек Раупов сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳам қатнашиб, имомларга жуда таъсирчан маъруза қилди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Имом зиммасига олувчидир, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни иршод қил ва муаззинларни мағфират айла” (Имом Абу Довуд ривояти). Аслида, йиғилиш иштирокчиларига биргина мана шу ҳадисни айтишнинг ўзи кифоя. Чунончи, пайғамбарларнинг меросхўрлари, яъни имом-хатиблар (ноиблар ҳам) Аллоҳнинг буйруқларини халққа етказишда жонбозлик кўрсатишмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ишларда фаол бўлиб, динимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишяпти.
* * *
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди мажлислар залида йил якунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев қатнашди. Тадбирда Шамсутдин Баҳаутдинов республика имом-хатибларининг йил давомида қилган Зиёратга борганда… Ютуқ ва камчиликлар ўзимизники, янги марраларга интилайлик! ишлари ҳақида ҳисобот берди, келгусидаги вазифаларни айтиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти эришган ютуқ ва камчиликларга тўхталди. Имом-хатибларнинг вазифасини такомиллаштириш, диний-маърифий тадбир ва ОАВда чиқишларни мунтазам ташкил қилиш, ёшлар тарбиясига эътибор бериш бўйича топшириқлар берди.
* * *
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов иштирокида сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар Сайфиддиновнинг йил якуни бўйича ҳисоботи тингланди. Тадбир давомида вилоятда диний соҳада қилинган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Иброҳимжон Иномов имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш, Исломни аҳолига кенг етказишда фидойилик билан хизмат қилиш каби қатор кўрсатма ва топшириқлар берди, имом-хатибларнинг таклиф ва мулоҳазаларини қўллаб-қувватлади.
* * *
Тадбирлар давомида 2020 йилда фаолият юритган, чуқур билими, тажрибаси, намунали хулқи, фидокорлиги билан халқимизга, динимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган имом-хатиблар ва ноиблар тақдирландилар.
Ушбу тадбирларда “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари ҳам иштирок этиб, даврий нашрлар тарғиботи ва мақолалар ёзишда фаол бўлган имом-хатиб ҳамда ноибларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширди.
Имом-хатибларимизнинг Ҳақ таоло розилиги йўлида қилаётган хайрли амал ва фаолиятларига куч-қувват сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2021-йил, 1-сонидан