Мақолалар

Мулоҳаза. ЭШАКНИНГ СОЯСИГА КИМ ҲАҚЛИ?

Чоп этилди Mart 3, 2021 Мулоҳаза. ЭШАКНИНГ СОЯСИГА КИМ ҲАҚЛИ?da fikr bildirishni o'chirish

Бурунги замонда бир одамга эшак керак бўлиб қолибди. Бир муддат ижарага олиш учун пешин бўлай деб қолганда бозорга борибди. Бир эшакнинг соҳиби билан келишиб, вақтинча ижарага олибди. Энди қайтмоқчи бўлиб турган пайти эшакнинг эгаси:

– Қайси қишлоққа кетасиз? – деб сўрабди.

– Оломон қишлоғига, – дебди эшакни ижарага олган одам.

– Мен ҳам ўша қишлоқданман. Бирга кетайлик.

– Яхши.

Икки йўлдош жазирамада маълум масофани босиб ўтгач, бошларидан иссиқ ўта бошлабди. Соя тополмагач, эшакнинг эгаси шарта эшакни тўхтатиб, соясига ўтириб олибди. Бундан ижарага олган одамнинг жаҳли чиқиб:

– Қани, биродар, тур ўрнингдан. Эшакни ижарага олганман. Демак, унинг сояси ҳам меники, – дебди.

– Мен сенга эшакни ижарага бердим, соясини эмас, – бўш келмабди иккинчиси…

Ривоятнинг давомига қизиқяпмизми? Ҳозир “Хўш, эшакнинг сояси кимники?” деб сўралса соатлаб баҳслашишга киришиб кетишимиз ҳам мумкин. Шундайми?

Тан олайлик, биз шунақа аҳволга келиб қолдик. Биз учун аҳамияти, ҳаётимизга таъсири ўнинчи даражали бўлган ишларга кўплаб вақт сарфлаймиз. Ишқилиб ўз-ўзимизни муҳокама қилмасак бўлди…

***

Эҳсон дастурхони атрофида ўтирган эдик. Соч-соқоли оқарган, биз ёшларга йўл-йўриқ кўрсатадиган катта ёшли кишилар бир йигитнинг соқол қўйгани, масжидга қатнаб қолганини муҳокама қила бошлади. Бир-бирларининг гапларини маъқуллаб, ёш йигитга ҳали соқол ярашмаслиги, ёши қирқлардан ўтгач, қўйса бўлиши, унга танбеҳ ҳам берганларини айтишар эди. Мен одобсизлик бўлмасин, деб жим ўтирар, ичимда: “Эй биродарлар, биз у йигитнинг соқол қўйган-қўймаганини муҳокама қилмайлик. Тана уники, соқол уники, ҳаёт уники. Сизу бизга унинг соқолидан нима зарар тегяпти? Хўш, масжидга борса бунинг нимаси ёмон? Ё майхонага бориб, маст бўлиб сизу бизга зарари теккани яхшимиди?” деб ўйлаб ўйлардим…

Мавзу ўзгариб, бир дарахнинг хоссалари, уни нега қурт емаслиги ҳақида, сўнг қайси давлат қаерда жойлашгани борасида баҳс кетди. Ҳартугул, ғийбатдан қутулдик. Аммо суҳбат шундан нарига ўтмади. Моҳиятга, қиссадан ҳисса чиқаришга ўтилмади…

***

Республика миқёсидаги даврий нашрлардан бири хиёбондаги ўриндиқда тиззасига бир йигитчанинг бошини қўйиб ўтирган аёл суратини эълон қилди. Балки укаси ё боласи, турмуш ўртоғи, ана боринг “йигити” билан ўтирган аёл бошқаларнинг эътиборини тортадиган бирон ёмон иш қилаётгани йўқ. Бироқ, эътибор тортадиган жиҳати, сурат орқадан олинган ва… Аёлнинг бошида рўмол (хижоб) бор. Мақола мавзуси эса хиёбон ва жамоат жойларида одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш ҳақида.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақола матни қолиб, суратга тошлар отила кетди: “Рўмолингга…”, “Калта пайпоқли йигитча…”, “Хиёбонни нахс бостирмай ҳар бало бўлгур…” Шу суратни нашр қилган ҳам, гап нима ҳақда кетаётганини ўқимай туриб “ура-ура” қилиб сўкаётган ҳам ўзимизнинг қоракўзлар, ўзини мусулмон санайдиган одамлар… Не ажабки, “Ким бир мўмин биродарининг айбини беркитса Аллоҳ ҳам унинг бир айбини беркитади, гуноҳини кечиради” деган гапни кўпчилик унутгандай. Рўмолсизу бесоқолга мумкин бўлган хиёбонда ўтириб ҳордиқ чиқариш рўмоллига, соқоллига мумкин эмасдай гўё… Худдики айб тушунча ва қарашларда эмас, бошдаги рўмол, иякдаги соқолда…

Биз қачон масаланинг моҳиятига, ижтимоий таъсирига эътибор қаратамиз? Қачон ислоҳ қилишни ўзимиздан, оиламиздан бошлаймиз? Бу қисқа муддатли ҳаётга келиш-кетишдан маъни нима экани, асл вазифамиз нимадан иборатлиги ҳақида қачон бош қотирамиз?.. Ё ҳалиям “эшакнинг сояси кимники?” деб тортишиб юраверамизми?!

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,

журналист