Дунё янгиликлари

Ҳиндистондан Австралияга борганлар 5 йилгача қамалиши мумкин

Чоп этилди May 2, 2021 Ҳиндистондан Австралияга борганлар 5 йилгача қамалиши мумкинda fikr bildirishni o'chirish

Коронавирус эпидемиясини назоратга олишни уддалаган Австралия ҳукумати охирги 14 кун ичида Ҳиндистонда бўлган фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлади.

“Евроньюс” хабарига кўра, мазкур тақиқ душанба кундан эътиборан кучга киради. Тақиққа амал қилмаганларга 5 йилгача қамоқ ёки 66 минг Австралия доллари миқдорида жарима жазоси тайинлашини, ёхуд ҳар икки жазо бирданига қўлланиши мумкин.

Австралия Соғлиқни сақлаш вазири Грег Хант бундай қарорлар халқ саломатлигини ва карантин тизимларининг яхлитлигини асраш ҳамда карантин объектларида касалланишлар сонини бошқариш мумкин бўлган даражада ушлаб туриш учун зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур қарорга Ҳиндистонда бўлиб қайтган фуқароларда коронавирус аниқлангани сабаб бўлган. “Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади”, – деди вазир.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса ҳукуматнинг мазкур қарорини танқид қилиб, Ҳиндистонда қолиб кетган Австралия фуқароларини мамлакатга олиб келиш ва уларни хавфсиз шаклда карантинга олиш чораларини топиш кераклигини айтмоқда.