Мақолалар

Нега ҳалигача Қуръон ҳақида қўрқиброқ гапиряпмиз?.. Ёхуд диний таълимнинг зарурлиги ҳақида

Чоп этилди Iyun 12, 2021 Нега ҳалигача Қуръон ҳақида қўрқиброқ гапиряпмиз?.. Ёхуд диний таълимнинг зарурлиги ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йиллар давомида фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида оламшумул ишлар қилинди. Юртимизда диний бағрикенглик ғояларини татбиқ этиш бўйича олиб борилган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.

Кейинги йилларда динимиз ривожи йўлида қилинган ҳар бир хайрли иш, ҳар бир янгиликни халқимиз байрамдек қабул қилди. Хусусан, Марғилоннинг Хонақоҳ тарихий масжидида аёл-қизлар ўртасида ўтган Қуръон мусобақаси чоғида 77 ёшли онахон Ҳамрохон ая Қодирова кўзларида ёш билан шундай деганлари ёдимда:

– Олти қиз, уч ўғилни тарбиялаб элга қўшдим. Қирқта неварам, қатор-қатор чевараларим бор. Ҳеч қачон бугунгидай тўлиб-тошиб хурсанд бўлмаганман. Уч кундан буён ухламадим, кўз юммадим. Севинганимдан йиғлаб, Президентимизни дуо қилдим. Қуръон ўқилса, элга барака, нур келади-да! Отасига раҳмат пошшомизнинг. Бугун саҳардан шу ерга Қуръон эшитиш ишқида келиб олганман. Ўзига беадад шукур!

Маълумки, юртимиз Россия томонидан босиб олингач, халқни муте ва тобе сақлаш учун яширин сиёсат олиб борилди. Халқ эргашиши мумкин бўлган зиёли, маърифатли қатлам қатағон қилиниб, диндор олимлар ҳам битта-битта хамирдан қил суғургандай суғуриб, борса-келмасга олиб кетилди. Мусҳафлар яширилди, кўмилди, динимиз илдизига болта урилди. Не-не уламолар хўрланди, қатл қилинди. Рўзадорлар оғзига сув қуйилиб, нон чайнатилди, диний илм олиш, динини ўрганиш тақиқланди, атеизм ривожланди.

Истеъдодли шоира ва адиба Мақсуда Эргашеванинг “Тақдир ҳикоятлари” асарида юз йиллик тарихимиздаги воқеий ҳикоялар жамланган бўлиб, улар орасида Охун қори исмли кекса олиму уламо билан боғлиқ бир воқеа баён қилнган. Унга кўра, бу колхоз ишчиси яширин рўза тутади. Кун иссиғида пахта эгати орасида ҳолсизланиб, хушидан кетиб қолади ва уни аравага солиб колхоз идорасига олиб келадилар. Худди шу пайт районда  атеизм бўйича иш олиб борадиган вакил келиб қолади ва кекса рўзадорни рўзасини очмагани учун дарахтга боғлатиб, боши ва оғзидан ароқ қуяди:  “Ана энди сенинг ҳам рўзанг очилди, бизга ўхшаб ароқ ичдинг!” деб унинг устидан кулади вакил. Бу вақтда тасодифан отда келиб қолган Охун қорининг шогирди устозининг саллалари ерда чувалиб, тупроқларга беланиб ётганини кўради ва ҳеч нарсага қарамай уни дарахтдан ечиб, уст-бошларини қоқиб, отига миндириб олиб кетади. Бундай хўрликдан кейин  Охун қори шогирдига “Бизга энди бу юртнинг суви ҳаром бўлди”, дея ноилож  Тожикистонга, Душанбега қараб бош олиб чиқиб кетади. Унинг шогирди, муаллифнинг қайнотаси Эргаш бува эса устозини атеистнинг кўз ўнгида ҳалиги ҳолатдан қутқариб олиб кетгани учун кейинчалик Андижонга сургун қилиниб, ит азобига солинади, сарсон-саргардонликда хотини ва ўғлидан айрилади.

Ўша даврларда бу ва бу каби воқеалар жуда кўп бўлган.

Шунингдек, бизнинг дунёга танилган аждодларимиз, маърифатчи боболаримиз, хусусан, жадид адабиёти вакиллари ҳам диний, ҳам дунёвий билим эгалари, Қуръон билимдонлари бўлганлар. Буни уларнинг ёзган асарларидан ҳам билишимиз мумкин. Улар, энг аввало, юртимиз ғайридинлар томонидан топталиб, динимиз оёқости бўлмаслиги учун ҳам курашганлар. Маънавиятимиз учун қайғурган зиёли борки, ана ўша қора сиёсат қурбонига айланиб қолаверган, “халқ душмани” сифатида қатл қилинган. Ваҳоланки, бу сиёсатни олиб борганларнинг ўзлари халқнинг чинакам душманлари саналиб,  халқ эргашиши мумкин бўлган кишиларни битта-битта қирғинбарот қилгач, оми халқни етим қўзидай ўзларига эргаштириб, тобе сақлаш сиёсатини олиб борганлар.

Гарчи истиқлол туфайли аста-секин ўзлигимизга қайтиб, кимнинг авлодлари эканлигимизни англай бошлаётган, аждодларимиз аслида ким бўлганликларини таниб бораётган бўлсак-да, афсуски, ҳалиям кўзимизни каттароқ очишга қўрқаётгандаймиз. Ўша махфий, қора сиёсат кўланкаси, афсуски, ҳалиям юртимизда кезиб юргандай. Афсуски, халқимизнинг чинакам душманлари – динимиз душманларига ҳалиям эргашганимизча қолаётгандаймиз: ҳалиям динимиз, Қуръонимиз ҳақида қўрқиброқ гапирамиз, ҳалигача баъзи ташкилотларда намоз ўқишга, ишчи аёл-қизларимизнинг рўмол ўрашларига қаршилик қиляпмиз. Қуръонни ўрганиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Қон-қонимизга сингдириб юборилган қўрқув ҳиccидан қутулиб бўлмаяпти.

Мамлакат Қаҳҳорова исмли институтда бирга ўқиган бир группадошим бор эди. Ҳозирда оиласи билан Америкада яшайди. Шу ўртоғим бир куни телеграмм орқали невараларининг мактабда Қуръон мусобақасидаги иштироклари тасвирланган видеолавҳаларни жўнатибди. Тўғриси, ҳайратландим ва ҳавас қилдим. Наҳотки, аҳолисининг бир қисмигина мусулмон бўлган давлатда улар учун ўз дини ва муқаддас китоби бўлган Қуръонларини ўрганишлари учун шунча шароитлар яратилган бўлса?! Қўрқув ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Диний эркинлик, деб шуни айтсалар керак-да!

– Невараларим ислом мактабларида ўқишади. У ерда уларга исломий одоб-аҳлоқ ҳам ўргатилади. Шу томондан қараганимизда, Ўзбекистонга олиб келсак, катта нарса йўқотамиз ва бизга уларнинг мусулмон сифатида чиройли ахлоқ эгалари бўлишлари, ўзимиз ўрганолмаган Қуръонимизни қонуний ҳолда ўрганиб олганлари маъқулроқ ва бундан жуда ҳурсандмиз, – дейди у.

Шундан буён ўйлайман. Нега аҳолисининг салкам тўқсон фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда фарзандларимизнинг диний таълим олиши  учун ҳеч қандай шароит йўқ ва барча эшиклар ёпиқ?

Узоқ йиллар динимиздан айирганларининг аянчли оқибати – порахўрлик, фирибгарлик, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаслик, зинокорлик, ароқхўрлик, ўғрилик, талончилик каби урчиб ётган жиноятларни барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Ўз Роббисини таниш ва ундан қўрқиш орқали бундай залолат ботқоғидан чиқишимиз мумкинлиги, барча иллатларнинг онаси эътиқодсизлик ва иймонсизлик эканлигини била туриб, нега диний таълим йўлига ғов босамиз, халқнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқи ва талабларига қарши оёқ тираб қаршилик кўрсатамиз?

Ўзимиз-ку бу олий неъматдан бебаҳра улғайдик. Фарзандларимиз ҳам шу йўсин катта бўлдилар. Энди набираларимиз рисоладагидек, Аллоҳ буюрганидек яшасалар, ҳофизи Қуръон бўлсалар, инсониятнинг чинакам идеали – Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламдек гўзал хулқ соҳиби бўлишга интилсалар, бунинг нимаси ёмон?! Бу йўлда дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларга ечим излаш ва топиш мумкин эмасми? Ё бизда бўлиши мумкин бўлган муаммолар хориж давлатларида йўқми? Диндан жамият ривожи учун катта куч сифатида фойдаланиш мумкин-ку! Ҳа, жамият ривожи йўлида!!! Бугун очиқ кўз билан қараган ҳар қандай киши буни англаб етмаслиги мумкин эмас.

Ҳақли равишда савол туғилади: Қуръони Каримдан нега бунча қўрқиш керак? Ахир у кишилик жамиятини фақат яхшилик ва эзгуликка,  саодатга етаклайдиган, ер юзида тўғри ва ҳалол яшаш йўлларини ўргатадиган мусулмонларнинг дастуриламали-ку! Қуръонга амал қиладиган иймонли кишидан ёмонлик чиқмайди. Чунки энг гўзал хулқ эгалари – булар, чинакам мусулмонлар ҳисобланади. Чунки мўмин-мусулмон ўзининг манфаатидан биродарининг манфаатини устун қўядиган кишидир. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов айтганларидек, шаҳарни миршаб эмас, аслида  иймон қўриқлайди. Иймонли кишилар орасида эса миршабларга ҳожат қолмайди. Акс ҳолда, миршаблар қанча кўпайтирилмасин, разолат ва қабоҳат урчиб бораверади.

Ёшларимизга Қуръон ўргатилишидан унда нималар битилганидан бехабар кишигина қўрқиши мумкин, деб ўйлар эканмиз, яна бир ҳақли савол туғилади; бугунги кунда ўз динидан бехабар ва унинг ривожи учун қайғурмайдиган кишини чинакам олий маълумотли, зиёли мусулмон деб бўладими?

Устоз уламо Мубашшир Аҳмаднинг диний таълим тўғрисидаги фикрларини халқимиз чин дилдан қўллаб-қувватламоқда. Буни ижтимоий тармоқдаги мубоҳасалардан ҳам билиш мумкин.

Яқинда ижтимоий тармоқларда саксон ёшдан ошган отахоннинг араб тили курсида сабоқ олаётган сурати тарқалди. Шаҳар ва туман марказлари қошида очилган араб тили курсларига қатнаётган етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган фуқароларнинг иштиёқ билан илмга интилаётганларини бугун ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Гарчи бу курсларда араб тили грамматикасининг бошланғич сабоғинигина олишлари мумкин бўлса-да, улар бу ерга лоақал Қуръон ҳарфларини ўрганиш учун келмоқдалар ва тажвид илмидан бехабар Мусҳаф ўқишга ҳаракат қилмоқдалар. Чунки улар учун бошқа йўллар берк. Фақат шу даричадангина ўзлари ташна бўлган дунёга, кишиларни тўғри йўлга бошловчи, эзгу мақсадлар, солиҳ амалларга чорловчи саодат дунёсига мўралашлари мумкин, холос. Зеро, Мусҳафи Карим ана шундай чинакам юксалиш йўлини кўрсатувчи маёқдир. Буни ундан бохабарларгина билади ва бу олий неъматни барчага бирдай илинади.Зеро, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам айтганларидек, ичларингизда энг яхшиларинигиз Қуръон ўқигувчи ва уни ўргатгувчиларингиздир.

Афсуски, юқорида айтганимиз – собиқ советлар тузумида амал қилган  қора сиёсат, атеизмнинг аччиқ таъмини ҳали-ҳануз туйиб турибмиз.

Бизга алам қиладигани шуки, халқ номидан иш юритадиган, ҳукм чиқарадиган халқ вакиллари – айрим депутатларимиз фуқароларнинг бу оғриқларини ҳис қилаётганлари йўқ ёки аниқроғи, ҳанузгача ўша сиёсат таъсиридан чиқиб кетолганлари, кўзларини ғафлат уйқусидан очолганлари йўқ. Уларга айтадиган гапимиз шуки, ўзбек халқи ўзининг асрий орзуси амалга ошишини кутмоқда.  Жафокаш элнинг неча йиллар давомида қийнаб келаётган бу катта муаммосини, ҳуқуқий талабини четга суриб қутулиш йўлини изламанг ва аксинча, унга ечим топинг ва ижобий ҳал қилиб беринг! Ваҳоланки, бунга уларнинг қонуний ҳақлари бор ва  ана шу ҳақ-ҳуқуқлари ортиқ поймол бўлишига йўл қўйманг!

Халқ сиздан ижобий жавоб кутмоқда. Фарзандларимизнинг диний таълим олиши учун йўл беринг!

Истайсизми-йўқми, барчамиз бирдай огоҳлантирилган халқмиз ва ўзимизнинг мусулмон қилиб яратилганимиз учун Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Фақат давлат идорасидаги баъзи бир раҳбарлардан динимиз моҳиятини яхшироқ англаб етишлари, керак бўлса, ўзлари ҳам ўқиб-ўрганишларини  илтимос қилиб қоламиз.  Шуни ёдимиздан чиқармаслигимиз керакки, бугун диний таълим – замон талаби! У шунчаки эҳтиёж маҳсули эмас, балки иймон масаласи ҳамдир.

Ойдиной  Темирова,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси