Мақолалар

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақорат қилди

Чоп этилди Iyul 26, 2021 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳақорат қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Дастлабки мусулмонлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:

Бадр жанги бошланган кун эди. Душманнинг қаршисида сафда туриб буйруқни кутаётгандик. Ўнгимга, сўлимга қарадим, Ансорлардан бўлган иккита ёш йигитнинг ўртасида турибман. Ўзимга ўзим: “Кошкийди кучли, қувватли иккита паҳлавон орасида турганимда эди”, дедим. Шу чоқда улардан бири қўлимга туртди, бошқалар эшитиб қолмаслиги учун шивирлаб гапириб:

– Тоға, Абу Жаҳлни танийсизми? – деди.

Мен унга:

– Ҳа, танийман, уни нима қиласан, жиян? – дедим.

– Унинг ҳазрати Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўкиб ҳақорат этганини эшитдим. Жоним қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, агар уни кўрсам, иккаламиздан биримизга ажал келмагунча ундан соя каби айрилмайман, – деди.

Унинг бу сўзларига ҳайратландим. Бироздан сўнг бу ёнимдаги бола қўлимга туртди ва дўстига билдирмасдан менга худди шу гапларни айтди. Қарасам, Абу Жаҳл жангчилар орасида айланиб юрибди. Уларга Абу Жаҳлни кўрсатиб:

– Шу одамни кўряпсизми? Сиз сўраган одам ана шу, – дедим. Иккаласи ҳам арслондек олдинга отилиб чиқишди, қиличларини Абу Жаҳлга ўқталишди ва ниҳоят уни ўлдирдилар. Кейин иккаласи биргаликда Расули акромнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб қилган ишлари ҳақида ҳабар бердилар.

Ҳазрати Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни қайсингиз ўлдирдингиз?” деб сўрадилар. Иккаласи бирваракайига: “Мен ўлдирдим”, деб жавоб бердилар. Расули акром (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиличларингизни тозаладингизми?” деб сўрадилар. Ўсмирлар: “Йўқ, тозаламадик”, дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг қиличларига қарадилар-да, сўнгра: “Уни иккингиз баробар ўлдирибсизлар”, дедилар. Кейин Абу Жаҳлнинг қурол-аслаҳаларни ва устидаги бошқа қимматли нарсаларини шу ёшлардан бири бўлган Амр ибн Жамуҳнинг ўғли Муозга берди. Иккинчи йигитча эса Афра Хотуннинг ўғли Муоз эди[1].

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

 

[1] Бухорий, Фарзул–хумус 18, Мағозий 10; Муслим, Жиҳод 42; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 192