Ашуро куни 19 августга тўғри келади — Мусулмонлар идораси Ашуро куни рўзаси ҳақида эслатди
Ашуро куни 2021 йилнинг 19 август, пайшанба кунига тўғри келади. Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади, деб хабар бермоқда Мусулмонлар идораси.
«Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади», дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим», дейилади ахборотида.