Қандай қилиб мусулмон бўлди?
Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бири бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
У замонлар онам ҳали мусулмон бўлмаган эди. Вақти-вақти билан Исломни англатардим ва мусулмон бўлиши кераклигини тушунтиришга уринардим. Навбатдаги кунларнинг бирида яна мусулмон бўлиши зарурлигини айтганимда Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида нохуш гапларни сўзлади. Йиғладим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб:
– Ё Аллоҳнинг Расули, онамнинг мусулмон бўлишини истайман, бироқ у буни қатъиян рад қилаётир. Бугун яна унга Исломни қабул қилиши кераклиги ҳақида гапирган эдим, у сизни ҳақорат қилди. Онамнинг мусулмон бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг! – дедим.
Пайғамбар алайҳиссалом:
– Аллоҳим, Абу Ҳурайранинг онасига ҳидоятни насиб айла! – деб дуо қилдилар.
Расули акромнинг дуоларидан севиниб уйга қараб югурдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзининг ҳаққига дуо қилганларини онамга айтишга шошилдим. Уйга етиб келганимда эшикнинг қулфланганини кўрдим. Онам оёқ товушимни эшитгач,
– Ўша ерда кутиб тур, Абу Ҳурайра, – деди ва ортидан калимаи шаҳодатни келтира бошлади: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ”.
Буни эшитганим заҳоти Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига югурдим.
– Хушхабар, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ дуойингизни қабул этди ва онамга ҳидоятни насиб қилди, – дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва хайрли сўзлар сўзладилар.
– Эй Аллоҳнинг Расули! Дуо қилинг, мен ва онамни мўмин қулларига севдирсин, уларни ҳам бизларга севдирсин.
Расул акром:
– Аллоҳим! Шу бандангни ва унинг онасини мўмин қулларингга, мўмин қулларингни эса буларга севдир, – деб дуо қилдилар. Ўша кундан эътиборан, отимни эшитган, юзимни кўрган барча мўминлар мени севдилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Муслим, Фазоил ус-саҳоба, 158; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, II, 319