Нафис шикоят
Тобеин олимлардан машҳур муҳаддис Шаъбий ҳикоя қилади:
Ҳазрати Умар халифалиги даврида бир куни тобеин олимлардан Каъб ибн Сур ал-Яздий билан ўтирган эди. Бир аёл ҳазрати Умарнинг ҳузурига кирди ва эридан сўз очди:
– Эрим инсонларнинг энг яхшиси: тунлари ухламасдан ибодат қилади, кундузлари эса рўза тутади, ҳар доим Аллоҳга ибодат қилиш билан машғул бўлган одамдан мен сизга шикоят қилишни истамайман, – деди.
Ҳазрати Умар эри ҳақида бундай ажойиб сўзларни сўзлаган аёлга эҳтиром кўрсатди ва унинг ҳаққига дуо қилди.
Хотин ташқарига чиққанидан сўнг Каъб ибн Сур халифага:
– Бу хотин сизга эридан шикоят қилди, – деди.
– Қандай қилиб?
– Эрининг ўзига эътибор қаратмаётганини тушунтирмоқчи бўлди.
Ҳазрати Умар хотинни қайта чақириб келишларини буюрди. Хотин келганидан сўнг унга:
– Ҳақни сўзлашингга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Бу биродаримиз менга сени “эрим менга эътибор қаратмаяпти”, деган маънода шикоят қилганингни айтяпти, шу тўғрими? – деб сўради.
Хотин:
– Ҳа, – деди.
Шунда ҳазрати Умар Каъбга юзланди ва:
– У ҳолда бу хотиннинг даъвоси билан сен шуғуллан, – деди.
Каъб:
– Сизнинг ҳузурингиздами? – деб сўради.
– Албатта, чунки сен менинг англамаганимни англадинг, – деди халифа.
Каъб ушбу даъвода хотиннинг ҳақлигини айтиб, аёлнинг эрининг тўрт кунда бир бутун кунини, тўрт кечада бир бутун кечасини хотинига айириши лозимлигини сўзлади. Халифа бунинг сабабини сўраганида бир эркак эҳтиёжига қараб тўртта аёлга уйланиши мумкинлиги, муҳокама мавзуси бўлган эркакнинг аёли фақат битта бўлса, шу ҳисобга кўра, тўрт кундан бир кунни ва бир кечани аёлига айириши зарурлигини, бошқа кунлари эса истаганича ибодат билан машғул бўлавериши мумкинлигини айтди.
Ҳазрати Умарга Каъбнинг ушбу фикри жуда ҳам мақбул бўлди. Хотиннинг эрини ҳузурига чақирди ва тўрт кунда бир кун рўза тутмасликни, тўрт кечанинг бир кечасини аёлига айириши лозимлигини уқтирди. Каъб ибн Сурни эса Басрага қози этиб тайинлади[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Абдурразоқ, ал-Мусаннаф (ношир. Ҳабибурраҳмон ад-Аъзамий), Байрут, 1403, VII, 149-150; Ибн Саъд, ат-Табаракат ул-кубро, Байрут, 1403, VII, 149-150; Ибн Саъд, ат-Табарақат ул-кубро, Байрут, (Дорус Садир), VII, 92; Ибн Абдулбор, ал-Истиаб (ношир. Али Муҳаммад ал-Бижавий), Байрут, 1412, III , 1318-1319; Ибнул–Асир, Усдуъл-ғоба (ношир. Иброҳим ал-Баннао ва бошқалар), Қоҳира, 1390-93/1970-73, IV, Заҳабий, Сияри аъламин-нубало (ношир, Шуайб ал-Арнаут), Байрут 1402/1982, III, 524-.525; Ибн Ҳожар ал-Асқалоний, ал-Исаба (Бижавий), V, 646