ЯНГИ МУФТИЙ ТАЙИНЛАНДИ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига шу пайтгача Тошкент шаҳар бош имом-хатиби бўлиб ишлаб келаётган Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ тайинландилар.
Устоз Нуриддин домла 1968 йил Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топганлар. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Маълумоти олий-диний, Бухородаги Мир Араб мадрасасини, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини ҳамда Фарғона давлат университетини тамомлаганлар.
Диний соҳадаги фаолиятини 1996–2004 йилларда Асака шаҳридаги “Аҳмадали махдум” масжиди имом-хатиби вазифадан бошлаган Нуриддин домла 2004–2005 йилларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Оқтепа” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаганлар. 2004–2005 йилларда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, 2011–2015 йилларда “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси бўлганлар.
2005–2019 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимларида фаолият юритганлар. 2019 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозида ишлаб келаётган эдилар.
Н. Холиқназаров юртимиз мўмин-мусулмонларига муқаддас ислом динининг соф таълимотини етказиш, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан халқимизни хабардор қилиш, давомида ёшларни буюк мутафаккир аждодларимизга муносиб авлодлар бўлиб вояга етишларига ҳисса қўшиш, уларни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда диний мутассиб ва экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларнинг фаол иштирокчисидир.
Кучли воиз, нотиқ Нуриддин домла Холиқназаровнинг маърузалари илмий ва халқчил бўлиб, нафақат юртимиз мўмин-мусулмонлари, айни пайтда қўшни республикаларда яшовчи ўзбекзабон кишиларнинг, чет элларда яшаб меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳам кўнглидан чуқур жой олган. Устознинг “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” CD форматдаги маърузалар тўплами, “Ота нидоси” ва бошқа кўплаб мавзулардаги мавъизаларини кўзда ёш билан эшитмаган киши бўлмаса керак.
Нуриддин домла босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида куннинг долзарб мавзуларида ўзининг муносиб чиқишлари билан фаол иштирок этиб, меҳнат фаолиятида барчага намуна ва ибрат бўлиб келадилар. У кишининг “Ҳидоят” журналининг 2021 йил 4-сонидаги “Ота нидоси” ва бошқа кўплаб мақолалари халқимизга жуда манзур бўлди.
Устознинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг расмий сайти www.uza.uz да, “Халқ сўзи” газетасининг www.xs.uz, “Янги Ўзбекистон” газетасининг www.yuz.uz, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг www.muslim.uz ва бошқа кўплаб www.kun.uz, www.xabar.uz, www.daryo.uz сайтларида чоп этилган “Нажот ёхуд фалокат масаласи”, “Ватанга хизмат беиз кетмас”, “Меҳрга ким ҳам тўяди”, “Ёшлар таълим-тарбияси – энг устувор вазифа”, “Маънавият – жамият ҳаётининг жони ва руҳидир”, “Лола тухмича ғайратинг йўқму?” каби долзарб мақолалари халқимизнинг юксак эътирофларига сазовор бўлди.
Нуриддин домланинг ойнаи жаҳондаги чиқишларини-ку юртдошларимиз интиқлик билан кутишади. У кишининг facebook.com, you.tube ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги чиқишларини бир вақтнинг ўзида миллионлаб мухлислар томоша қиладилар.
Устознинг камтарона меҳнатлари ва фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Нуриддин домла Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди.
Кўп асрлик тарих, миллий анъаналарга эга бўлган, фақат мустақиллик йилларида бутунлай янгича мазмун ва моҳият касб этган диний-маъфий соҳада меҳнат қилаётган ҳалол, фидойи, дин ва эл ташвишини ўзиникидан устун қўядиган жонкуяр устоз, имом-хатибларнинг йўлбошчиси Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВни янги лавозим ва масъулиятли вазифа билан самимий табриклаймиз.
Динимизни бундан ҳам равнақ топтириш, халқимиз маърифатини янада юксалтириш йўлида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ёнларида жипслашиб, шу эл, шу Ватанга ҳамжиҳатликда кўп йиллар хизмат қилишни Яратгандан сўраб қоламиз!